Ака-ука Асқар ва Анвар Хидировлар 10 йилдан бери интерьер дизайн соҳасида. Улар Insydrium (Inside the room – “хонанинг ичида”) номли ўз дизайнерлик студияларига асос солган.

“Укам билан ёшимиз деярли тенг, болаликдан ёзиш-чизишга жуда қизиқардик. 5-6-синфда илк марта компютердан фойдаланган бўлсак, кейинчалик турли ўйинлар яратиб кўрдик, унга атайлаб вирус тушириб қўйган вақтларимиз ҳам бўлган. Мана шундай ўйинлар қандай, ким томонидан чизилади, деган саволлар онг остимизга жо бўлганди.

Болалик йиллари ўтгач, касб танлаш масаласи кўндаланг турарди. Акам ижтимоий фанлар соҳасида ўқирди. Аммо менга тарихиям, ҳуқуқиям ёқмасди. Касб танлашимга архитектор қўшнимиз сабаб бўлган десам ҳам бўлади. Негаки, уларнинг ҳаёт тарзида ўзимни кўргандек бўлардим. Шундай қилиб, 2011 йилда архитектура йўналишига биринчи йили ўқишга кириб кетдим.

1-курслигимизда соҳамизга доир жуда кам таълим беришгани кўнглимни хира қилган. Шунда 2-курсдан бошлаб дўстларим билан 3D Max, AutoCAD дастурларини мустақил ўргана бошлашга қарор қилдик. Ўқишни битиргач, тўплаган тажрибам сабаб Murad Buildings компаниясига ишга жойлашдим.

3 йил вақт ўтгач, ўзимда ҳам бизнес бошлаш хоҳиши пайдо бўлди. Маълум бир корхонада ходим бўлиб ишлаш ва мустақил бизнес бошлаш ўртасида катта фарқ борлигини ўшанда англаб етдим. Укам билан шок ҳолатига тушиб қолгандик. Кўплаб хатолардан кейин расман 2019 йилда ўз бизнесимиз – Insydrium'га асос солдик”, дейди Асқар Хидиров.

Жиззахда бино қулаб тушди…

2021 йил 10 январ куни Жиззах шаҳридаги ҳали қурилиши тугамаган 6 қаватли бино қулаб тушган эди. Эътиборлиси, қаҳрамонларимиз шу куни эрталаб айнан ўша бинода бўлишган.

“Жиззахга ота-онамизни кўришга боргандик. Ўшанда бир бино эгаси иккита хона борлиги, унинг биринчисини дизайн қилиб беришимизни сўради, иккинчисини эса агар зарурат бўлса қўшиб юборишни айтган. Хона дизайнини тугатдик. У киши иккинчи хонани қилиш шарт эмаслигини айтди, биз ҳам ҳеч қандай гап-сўзларсиз кўндик.