Иқтисодиёт | 17:54 / 12.12.2021
14933
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида жорий йилда 273 млн долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинди

Жорий йилда Тошкент вилоятида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 230 минг тоннаси қайта ишланиб, 273 млн долларлик тайёр маҳсулот экспорт қилинди.

Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев Қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган байрам табригида 2021 йилда аграр соҳада эришилган натижаларга тўхталди.

Фото: toshvil.uz

Хусусан, йил давомида ҳудудда 787 минг тонна ғалла, 247 минг тонна пахта, 1558 тонна пилла, 1 млн 648 минг тонна мева-сабзавот, 287 минг тонна гўшт ва 994 минг тонна сут маҳсулотлари ҳамда 1 млрд 552 млн дона тухум етиштирилган.

“Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 230 минг тоннаси қайта ишланиб, 273 млн долларлик тайёр маҳсулот экспорт қилинди”, дейилади ҳоким табригида.

Маълум қилинишича, жорий йилда пахтачилик кластерлари томонидан 107 минг 707 тонна ёки шартномавий режага нисбатан 102 фоиз миқдорида пахта хомашёси етиштирилди.

“Бу йилги пахта хомашёсини 2020 йилга нисбатан таққослаганимизда етиштирилган пахта 7 минг 562 тоннага, ўртача ҳосилдорлик 5 центнерга ошганини кўришимиз мумкин.

Жорий йилда етиштирилган ҳосилнинг 67 минг 525 тоннаси ёки 28 фоизи пахта териш машиналарида териб олинди. 2020 йилда пахтанинг 49 минг 216 тоннаси ёки 20,5 фоизи машиналар ёрдамида терилганини ҳисобга олсак, ўтган йилга нисбатан 18 минг 309 тоннага ёки 27 фоизга кўпайганига гувоҳ бўламиз.

Албатта, бу каби салмоқли натижаларга эришишда қишлоқ хўжалиги техникаларининг янгиланганлиги, жумладан, жорий йилда 64 млрд сўмлик жами 5053 дона техник агрегатлар, шундан 7 дона ғалла ўриш комбайни, 34 дона пахта териш машинаси олиб келингани муҳим омил бўлди. Шундан 28 млрд сўмлик 329 та техника пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан сотиб олинди”, дея ҳоким сўзларини келтирмоқда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

Исломбек Умаралиев
Тайёрлаган Исломбек Умаралиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид