18:24 / 15.12.2021
13994

«Локомотив» клуби янги бош мураббийни эълон қилди

Бугун, 15 декабрь куни «Локомотив» ПФК раҳбарияти ва мураббийлар штаби ўртасида учрашув бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда «темирйўлчилар» расмий сайти.

Фото: Локомотив

Йиғилишда жамоанинг Суперлига ва Ўзбекистон Кубогидаги иштироки муҳокама қилиниб, кейинги йил учун режалар белгилаб олинган.

Учрашувда клуб раҳбарияти янги мавсумдан асосий жамоани иқтидорли мутахассис Денис Коростиченко бошқаришини маълум қилди. 

Португалиялик мураббий Микаэл Секейра «Локомотив»ни тарк этгач, 27 ноябрь куни Қаршида «Насаф» билан кечган баҳсда «темирйўлчилар»ни Денис Коростиченко бошқариб, мавсумнинг охирги ўйинида жамоа 3:1 ҳисобида зафар қучганди. 

Фото: Локомотив

Маълумот учун, Денис Владимирович Коростиченко 1986 йил 11 июлда Тошкент шаҳрида туғилган. 2014 йил Ўзбекистон Давлат Жисмоний-тарбия институтини тамомлаган. Катта футболдаги фаолиятини «Оқтепа» сафида ўтказган. Мураббийлик фаолиятини эса 2005 йилда бошлаб, дастлаб Тошкент шаҳридаги БЎСМ-17да болалар мураббийи бўлиб ишлаган. 2010-2018 йиллари «Бунёдкор» академиясида фаолият юритган Коростиченко 2019 йилдан бери «Локомотив»да ишлаб келяпти. 

Фото: Локомотив

«2019 йил «Локомотив» U-21 жамоасида Темур Кападзега ёрдам берган Коростиченко ёшларнинг Ўзбекистон чемпиони бўлишида муносиб ҳисса қўшди. 2020 йилнинг иккинчи ярмида Тимур Кападзе «Локомотив» асосий жамоасини қабул қилиб олгач, мураббийлар штабига яна Коростиченкони таклиф этди. Йил охирида Темур Тохирович янги тузилган «Олимпик» жамоасига йўл олди. Денис Коростиченко эса «Локомотив»да қолиб, Микаэл Секейра бошчилигидаги мураббийлар штабидан жой олганди», - дейилади клуб хабарида.

Top