Ўзбекистон Миллий университетининг Нодир қўлёзмалар музейида сақланган ўнлаб нодир қўлёзмалар ва қадимий китоблар йўқолган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарга ҳамон ойдинлик киритиб бўлмаяпти.

Kun.uz'га етиб келган мурожаатда ЎзМУ ихтиёрида бўлган ХIII асрга оид Абу Бакр Собунийнинг қўлёзма асари, Шарафиддин Али Яздийнинг ХV асрда ёзилган «Муқаддимаи Зафарнома» қўлёзма китоби, Алишер Навоийнинг тилла суви юритилган «Хамса» достони ва бошқа кўплаб нодир қўлёзмалар йўқолгани тахмин қилинганди.

Университет раҳбарияти эса бу қўлёзмалар йўқолмаганини таъкидламоқда. Kun.uz китоблар тақдири билан қизиқиб, 4 марта университетга борди. Аммо сайт вакилларига китоблар кўрсатилмади, уларнинг қаердалиги ҳақида ҳам аниқ маълумот берилгани йўқ.

Воқеалар ривожи

23 декабрь куни Kun.uz'да ЎзМУдаги нодир қўлёзмалар масаласида суриштирув эълон қилинди ва бу кенг жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлди. 24 декабрь куни Бош прокуратура бу ҳолат ўрганилаётганини, натижаси юзасидан алоҳида хабар берилишини билдирди.

Худди шу куни Миллий университет раҳбарияти қизиқ ишга қўл урди. Суриштирув ўтказиб, муаммони кўтариб чиққан нашр – Kun.uz қолиб, телевидение ва бошқа интернет нашрлар вакиллари чақирилди ва уларга бир неча китобларни олиб чиқиб, булар ўша «йўқолган ёки сотиб юборилган» деб айтилаётган нодир китоблар эканини айтиб, улар йўқолмаганига ишонтирмоқчи бўлишган. 

Қуйидаги суратларда бошқа бошқа китоблар акс этганини кўриш мумкин: 

Шарафиддин Али Яздийнинг XV асрда ёзилган «Муқаддимаи Зафарнома» асари қўлёзмаси.
Фото: ЎзМУ кутубхонаси (архив)