Ўзбекистон | 11:59 / 28.12.2021
2282
1 дақиқада ўқилади

Жиззахда банк бўлими бошлиғи фуқароларнинг пластик картасидаги маблағларни ўзлаштирди

Фото: Getty Images

Жиззах шаҳрида банк бўлими бошлиғи фуқароларнинг пластик картасидаги маблағларни ўзлаштирган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Жиззах шаҳри Дўстлик маҳалласида яшовчи фуқаро шаҳар ИИБга банк пластик картасидан номаълум шахс 8 миллион сўм пулни ечиб олганини билдириб мурожаат қилган.

Шаҳар ИИБ томонидан ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган ва тезкор суриштирув ишлари олиб борилган. Суриштирув давомида мазкур жиноятни мурожаат қилувчи шахс мижоз бўлган банкнинг чакана хизматлар бўлими бошлиғи Жиззах шаҳри Учариқ маҳалласида яшовчи шахс содир этгани аниқланган.

Суриштирувлар давомида аниқланишича, айбланувчи яна ўн нафар фуқаронинг банк пластик картасидаги пулни ўзлаштирган. Оқибатда жабрланувчиларга жами 133 миллион 129 минг сўм зарар етказилган.

Қайд этилишича, ҳозирда банк бўлими ходимига нисбатан айб эълон қилиниб, дастлабки суриштирувлар олиб борилмоқда.

Мавзуга оид