Марказий банк, тижорат банклари, тўлов ташкилотлари ва тўлов тизими операторлари ўртасида InfoCards ахборот алмашинуви тизими жорий этилди, дея хабар берди регулятор ахборот хизмати.
Янги тизим банк картаси блокланган тақдирда унинг қайси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган томонидан, қачон ва қандай сабабга кўра блокланганига оид маълумотларни тезкор аниқлаш имконини беради.
Эндиликда бунинг учун фуқаронинг қўшимча равишда Марказий банкка мурожаат қилиши талаб этилмайди. Карта эгаси ўзига хизмат кўрсатувчи тижорат банки билан боғланиши кифоя. Банк InfoCards тизими орқали тегишли маълумотларни аниқлаб, картанинг блокланиши юзасидан тушунтириш беради.
Мазкур тизим фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш жараёнини соддалаштириш, ортиқча оворагарчиликни камайтириш ҳамда банк хизматларидан фойдаланишда тезкорлик ва шаффофликни оширишга хизмат қилади.















