Ўзбекистонлик Нодирбек Абдусатторов Польша пойтахти Варшавада шахматнинг рапид йўналиши (тезкор шахмат) бўйича жаҳон чемпионатида ғолиб бўлди.
28 декабрь куни турнирда 4та тур ўтказилди.
17 ёшли шахматчи Абдусатторов дастлаб сенсацион равишда амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсенни мағлубиятга учратди ва уни яққол етакчилик имкониятидан маҳрум этди. Кейинги турларда Владимир Федосеев, Гукеш Доммаражу, Ян-Кшиштоф Дуда каби шахматчиларга қарши драматик баҳсларда дуранг қайд этилди.
13та партиядан сўнг Абдусатторов, Ян Непомняший, Магнус Карлсен ва Фабиано Каруана бир хил — 9,5 очко тўплади.

Қўшимча натижаларга кўра, ғолиблик Абдусатторов ва россиялик Непомняший ўртасидаги тай-брекда аниқланадиган бўлди. Дастлабки партияда кучлар тенг келди, кейинги партияда Нодирбек ғалаба қозониб (1,5-0,5), жаҳон чемпионига айланди.

Мукофот жамғармаси 1 млн доллар бўлган турнирда (рапид ва блиц) ғолиб шахматчи 60 минг долларни қўлга киритади.
Абдусатторов 13 тур давомида Фабиано Каруана, Левон Аронян, Радослав Войташек, Борис Гельфанд ва Магнус Карлсенни (жаҳон чемпиони) мағлуб этган, Ян Непомняший, Александр Гришук, Владимир Федосеев, Гукеш Доммаражу, Ян-Кшиштоф Дуда билан дуранг ўйнаганди.
У рапид йўналишида жаҳон чемпиони бўлган энг ёш шахматчи сифатида тарихга кирди.

29-30 декабрь кунлари блиц йўналишидаги баҳслар ҳам бўлиб ўтади.
Президент табриги
Шавкат Мирзиёев жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусатторовга табрик йўллади.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, давлатимиз раҳбари Санкт-Петербургдаги саммитдан Тошкентга қайтаётган самолётда тезкор шахмат бўйича жаҳон чемпионатини катта қизиқиш билан онлайн кузатиб борган.

















