07:35 / 07.01.2022
9330

Женисбек Пиязов мактабгача таълим вазири маслаҳатчиси этиб тайинланди

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаси халқ артисти Женисбек Пиязов мактабгача таълим вазири Агриппина Шинга маслаҳатчи этиб тайинланди.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Мактабгача таълим вазирлиги хабарига кўра, Женисбек Пиязов жамоатчилик асосида фаолият юритади ҳамда мактабгача таълим соҳасида маданият ва санъатни ривожлантириш билан шуғулланади.

Женисбек Пиязов 1988 йил Нукус шаҳрида туғилган, ўзбек ва қорақалпоқ опера хонандаси.

У республика вокалчилари танловининг 1-мукофоти лауреати, «Қозоқ романтикаси» халқаро танлови, рус романтикасининг ёш ижрочилари Москва халқаро танлови ҳамда халқаро вокалчилар танловининг гран-при ғолиби. 

Маълумот учун, мактабгача таълим вазири Агриппина Шиннинг уч нафар ўринбосари бор. Баҳодир Анорбоев мактабгача таълим вазирининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келаётган бўлса, Нодир Муслиддинов ва Узоқбой Бегимқулов вазир ўринбосари сифатида фаолият юритмоқда.

Top