Суҳбатни тўлиқ равишда видеода томоша қилинг. Қуйида мутахассиснинг асосий фикрлари матн шаклида келтириб ўтилади.
“Назарбоевга нисбатан кучли ишончсизлик бор эди”
— Қозоғистонда бўлаётган ҳодисаларни оммавий намойишлар ёки бунт, яъни ижтимоий норозилик дейиш мумкин. Бу ижтимоий норозилик вақт ўтиши билан сиёсий норозиликка айланиб кетди. 2019 йили Қозоғистонда ҳокимият бамисоли алмашди, аммо тушунарсиз ҳолат кузатилди. Яъни расман 1989 йил 22 июндан дастлаб Қозоғистон ССРни, кейинчалик мустақил Қозоғистонни бошқарган Нурсултон Назарбоев президентлик курсисини Қосим-Жўмарт Тўқаевга бергандек кўринганди. Лекин вето бериш ҳуқуқи, олий ҳокимиятнинг энг муҳим тармоқларини қўлида сақлаб қолаётган эди.
30 йиллик Назарбоевга нисбатан аҳоли орасида ишончсизлик ёки маълум бир нафрат шаклланган эди. Мана шу тандем – иккилик (Назарбоев–Тўқаев) Қозоғистондаги ижтимоий вазият беқарорлашувига сабаб бўлди.

“Давлат ижтимоий лойиҳаларни қисқартирган эди”
— Охирги бир неча йилда жаҳон бозорида нефт маҳсулотлари нархи арзонлагач, ҳукумат бюджет даромадлари пасайгани боис, ижтимоий лойиҳаларни қисқартиришга мажбур бўлган эди. Шундай экан, бу намойишларнинг биринчи сабаби – ижтимоий норозилик.
Дастлаб, аҳоли бош кўтариб, ўз норозилигини билдирди. Лекин, кейинчалик, ҳокимият тезда намойишга муносабат билдириб, ҳукуматни тарқатиб юборганидан кейин, намойишлар бутун Қозоғистонга ёйилиб кетди. Ҳокимият билмасдан, ўйламасдан ёки билиб туриб шундай хатоларга йўл қўйди ва натижада локал норозилик намойишлари умуммиллийга айланиб кетди.
Автократия
— Қозоғистондаги авторитаризм – кучли, бошқа давлатлар билан иқтисодий-сиёсий муносабатларни яхши йўлга қўя олган дипломатик авторитаризм эди. Шу билан бирга, дунёда ўз номини пойтахтга қўйдирган бошқа давлат раҳбари йўқ. Қолаверса, ўзининг туғилган кунини пойтахт куни деб белгилаган бошқа президент ҳам йўқ. Ҳайкаллар, ўз номига лицейлар, университетлар...ва шахсга сиғинишни юқори даражага олиб чиққан авторитаризм эди.
Қозоғистондаги воқеаларни классик “рангли инқилоб” деб баҳолаб бўлмайди. Чунки бошиданоқ ҳукуматни ағдариш ва бошқа сиёсий мақсадлар йўқ эди. Унда, асосан, газ нархини тушириш каби ижтимоий талаблар илгари сурилди.
















