Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мудофаа тизими раҳбарияти билан йиғилиш ўтказди.

У Каспий денгизидаги машғулотларда 14 нафар ҳарбий ҳалок бўлишини офицерлар, жумладан, генералларнинг касбий малакасизлиги оқибати деб атади.

“Армиядаги эскидан қолган муаммолар раҳбарият томонидан ҳал этилмаяпти, бу эса мамлакат мудофаа қобилиятига путур етказмоқда. Ўтмишдаги фожиалардан ҳеч қандай хулоса чиқарилмаган. Бу ўқув машғулотларининг ғоясини ким ишлаб чиққан ва тасдиқлаган? Бош штабнинг роли ва мувофиқлаштириши қандай бўлган? Нега машғулотларда ҳарбий-денгиз кучлари бош қўмондони бўлмаган? Масъулиятсизлик, бепарволик, кўз-кўз қилиш одатий ҳолга айланган. Тизимли иш йўқ, инқирозли вазиятларга жавоб қайтариш режалари ҳеч қандай танқидга дош бермайди. Буларнинг барчаси ҳарбий идора раҳбариятининг бефарқлиги оқибатидир”, – деди Тўқаев.

У ўқув машғулотлари давомида ҳарбий хизматчилар зарур анжомлар, жумладан, денгизда қутқарув жилетлари билан таъминланмаганини таъкидлади.

Қозоғистон раҳбарининг фикрича, ҳукумат комиссияси машғулотларни тайёрлаш ва ўтказиш, таъминот ҳамда хавфсизлик чораларига риоя этилишини назорат қилиш учун масъул бўлган барча мансабдор шахсларнинг ҳаракатларига баҳо бериши керак.

Бундан ташқари, президент фармойишига мувофиқ, Мудофаа вазирлигидаги ишлар ҳолатини комплекс текшириш бошланди.

У унвон ва лавозимлар жавобгарликдан озод этиш учун асос бўла олмаслигини таъкидлади.

“Бу фожиа армиядаги кўплаб камчиликлар ва касбий маҳоратининг етишмаслигини яққол кўрсатди. Ҳарбий ислоҳотларни тубдан амалга ошириш вақти келди. Бу кечиктириб бўлмайдиган вазифа. Шу сабабли кадрлар бўйича ўзгаришларни амалга оширдим”, деди Қосим-Жўмарт Тўқаев.

У мудофаа идораси фаолиятини чуқур трансформация қилиш зарурлигини таъкидлади.

“Яқинда Хавфсизлик кенгаши аппарати билан ўтказилган йиғилишда ҳарбий соҳадаги ишларнинг устувор йўналишларини белгилаб бердим. Бизнинг армиямиз ўтган асрда қолиб кетган. Айни пайтда қўмондонлик тизимини илғор халқаро тажриба асосида тўлиқ қайта қуриш зарур. Комплекс ёндашув керак, бунинг учун эса аниқ тасаввурга эга бўлиш лозим. Бундай тасаввурга фақат кенг дунёқарашли, билимли офицерлар эга бўлади. Ислоҳотнинг мақсади – янги намунадаги армияни шакллантириш”, – деди Қозоғистон президенти.