Каспий денгизидаги машғулот чоғида 14 нафар ҳарбий чўкиб кетиши ортидан Қозоғистон мудофаа вазири Даурэн Косанов ишдан олинди. Президент Қосим Жўмарт-Тўқаев тегишли фармонни имзолаган.
«Давлат раҳбарининг фармони билан Даурен Жуматаевич Косанов Қозоғистон Республикаси мудофаа вазири лавозимидан озод этилди», – дейилади президент сайтида эълон қилинган хабарда.
Косанов 2025 йил ёзидан буён Қозоғистон мудофаа вазири лавозимида ишлаб келаётганди.
24 сентябр куни Қозоғистон ғарбидаги Манғистау областида мамлакат ҳарбий-денгиз кучлари машғулотлари вақтида Каспий денгизи соҳилида об-ҳаво кескин ёмонлашиб, кучли шамол кўтарилган, натижада 17 нафар ҳарбийни кучли тўлқин олиб кетганди. Улардан фақат уч нафари қутқариб қолинган, сувдан 14 киши жасади олиб чиқилган.
Қозоғистон Бош прокуратураси ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатди. Кўп ўтмай беш киши – ҳарбий-денгиз кучлари қўмондонининг биринчи ўринбосари, иккита ҳарбий қисм командири, пиёдалар ротаси бошлиғи ҳамда катер командири ҳибсга олинди. Уларга нисбатан хизматга совуққонлик билан муносабатда бўлиш оғир оқибатларга олиб келгани ҳамда кемани бошқариш қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ моддалар бўйича тергов олиб борилмоқда. Қозоғистон ички ишлар вазирлиги яна ҳибслар бўлишини истисно этмаган.

















