2017 йил 27 мартдаги президент қарори билан деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастури тасдиқланган. Дастурнинг 10-бандида “Ғиждувон деҳқон бозори” ҳам бор.

Kun.uz таҳририятига йўлланган мурожаатда айнан шу “Ғиждувон деҳқон бозори”ни қурган қурилиш фирмаларга, бозор фойдаланишга топширилганига 2 йил бўлганига қарамай, пуллари берилмаётгани айтилади.

Бухоро вилоят ва Ғиждувон туман ҳокимликлари ўртасида “копток қилинаётган” пудратчилар мазкур муаммога ҳукумат раҳбарлари ва жамоатчилик эътибор қаратишини истамоқда. Уларнинг айримлари бозорга сарфланган маблағларини ололмаётганиларидан касодга учраган бўлса, бошқалари банкротлик ёқасига келиб қолган.

Толиб Исматов “Эврика Строй дизайн” таъсисчиси

“2019 йил 24 декабрда қурилишни шартнома асосида тўлиқ тугатиб берганмиз. Бозор маъмуриятининг 1,7 млрд сўмга яқин қарздорлиги бор. Шу маблағ тўланмагани боис, қатор муаммоларга дуч келдик. Ҳозирда, “Эврика Строй дизайн” банкрот бўлган, ишчиларни бўшатганмиз, аммо уларнинг иш ҳақлари берилгани йўқ. Дўконлардан қарзга олинган қурилиш маҳсулотларнинг пули ҳам берилмаган”, – дейди “Эврика Строй дизайн” таъсисчиси Толиб Исматов.

Унинг айтишича, вилоят ва туман ҳокимлигининг ўша вақтдаги раҳбарлари томонидан қурувчи фирмаларга бозорни тез фурсатларда жадаллик билан қуриш вазифаси юклатилган.

“Шунинг учун биз бор маблағимизни қурилишга сарфладик. Жами қарздорлигимиз 1,3 млрд сўмдан ортиқ. Биз хўжалик дўконларидан маҳсулотларни қарзга олган вақтимизда 1 тонна металл 6 млн сўм бўлган бўлса, ҳозир 12 млн сўм. Улар доллар ҳисобида қайд этиб қўйишгани боис, сўмдаги миқдор ўзгариб бораверади. Биз ўзгарган қийматда тўлашга мажбурмиз”, – дея ойдинлик киритади фирма таъсисчиси.

“Эврика Строй дизайн” пулини ўз вақтида олмагани унинг банкротликка учрашига олиб келган.