18:26 / 12.01.2022
9025

Ўзбекистон ташқи қарзининг ЯИМга нисбати 2023–2024 йиллардан бошлаб камайиши айтилди

Ўзбекистон ташқи қарзининг ЯИМга нисбати бир неча йил олдин жалб қилинган қарзларнинг ўзлаштирилиши натижасида яна бирмунча вақт ўсиб боради, 2023-2024 йиллардан бошлаб эса камайиши кутилмоқда, деди Молия вазирлиги Давлат қарзи департаменти директори.

Фото: Getty Images

Ўзбекистоннинг келгуси 5 йилликдаги тараққиёт стратегиясида ташқи қарзни ЯИМга нисбатан 60 фоиздан оширмаслик мақсади белгиланмоқда. Молия вазирлиги Давлат қарзи департаменти директори Жасур Қаршибоев бу мақсад қанчалик реаллигига оид саволга жавоб берди.

“Ташқи қарз мана шу 60 фоиздан ўсиб кетмаслигининг механизмлари бор.

Биринчи механизми – қонун. 2021 йилдан бошлаб давлат бюджети тўғрисидаги қонунда (2022 йилда ҳам шундай кўрсаткич бор) давлат қарзининг қолдиғи ЯИМга нисбатан 60 фоиздан ошмаслиги кераклиги белгиланган. Яъни бу қонун бизга уни ижро қилиш мажбуриятини юклайди.

Шундан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қиламиз. Тўғрисини айтиш керак, халқимизда ҳукуматнинг (ташқи қарзни) 60 фоизгача ошириш нияти бор деган хавотир йўқ эмас. Бироқ биз 50 фоизгача ҳам етказмаслик ниятидамиз.

Ҳар йилги олдиндан лимитларни белгилаб бориш натижасида бизда давлат қарзининг ҳажми ҳозирги кунга келиб барқарорлашди. Мисол учун, 2021 йилнинг бошида ЯИМга нисбатан давлат қарзининг ҳажми 38,8 фоизни ташкил этганди, йил давомида эса бу кўрсаткич сал пасайди, яъни давлат қарзининг ўсиш темпи барқарорлашди.

Бироқ, олдин жалб қилинган қарзларнинг ўзлаштирилиши натижасида яна бир неча йил давомида ўсиш тенденцияси кузатилади, 2023–2024 йилдан бошлаб қарз ҳажми камайиши, яъни ЯИМга нисбатан барқарорлашиши ва пастга қараб тушиш тенденцияси кутилмоқда.

Нима учун лимит 60 фоиз этиб белгиланган? Айрим қўшни давлатларда ҳам қарз кўрсаткичлари лимитлари бошида пастроқ қўйилган. Лекин 2020 йилда кўрдик, кутилмаган шоклар бўлади, бундай шароитда ЯИМ ўсмай қолади. Шундай ҳолат бўлса, биз қонунни қайтадан кўришга мажбур бўлишимиз мумкин. Шунинг олдини олиш учун нисбатан мақсадли кўрсаткичимиз 60 фоиз деб қўйилмоқда”, – деди Молия вазирлиги расмийси 12 январ куни Халқаро пресс-клуб сессиясида.

Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 2021 йил 1 октябрь ҳолатига 37,6 млрд долларни ташкил қилганди. Бу – 2021 йил 1 январига нисбатан 11 фоизга ёки 3,7 млрд долларга кўп.

2022 йилги давлат бюджетига асосан, 2022 йилда давлат ташқи қарзларини жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 4,5 млрд доллар, Ўзбекистон номидан чиқариладиган давлат қимматли қоғозларининг чекланган соф ҳажми 6 трлн сўм миқдорида белгиланган.

Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 2022 йил охиригача 30,4 млрд долларга етиши прогноз қилинган.

Top