Бундан 25 йил аввал – 1996 йил 30 декабрда Anglesey Food номи билан асос солинган корхона – Корзинка супермаркетлар тармоғи 10 январ санасида аҳил жамоасининг барча аъзолари ва кўпйиллик ҳамкорлари учун катта шоу-концерт ташкил этди.

Фото: Корзинка

Пойтахтдаги гўзал Humo Arena экранларида байрамона анимация деярли ҳар бир ўзбекистонликка таниш тимсол – қизил фондаги Корзинка логотипи акс этмоқда.

Зиналар томон яқинлашиб борганингиз сари тармоқнинг юртимиз турли вилоятларидаги супермаркетларидан 5 чартер самолёт ва кўплаб автобусларда келган 5,5 мингдан кўпроқ ходимлар бренд байроқларини тантанавор ҳилпиратиб бораётганини кўрасиз.

Фото: Корзинка

Юбилей тадбирининг кириш қисми бошловчилар – Даврон Кабулов ва Дилдар Исламованинг жарангдор овози ҳамда йиғилганларнинг гулдурос қарсакларидан миллий чолғу асбоблари, карнай-у доиралар зарби, сўнг Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Камолиддин Ўринбоев етакчилигидаги симфоник оркестр ижросидаги садоларга уланиб кетди.

Концерт давомида Корзинка супермаркетлар тармоғининг қадриятлари ва олдга қўйилган мақсадлари тўғрисида компания асосчиси Зафар Ҳошимов ҳамда етакчи бўлимлар раҳбарлари ўзига хос тақдимот билан ҳикоя қилиб бердилар.

Фото: Корзинка
«Кунига 250 минг нафар харидорни қабул қиламиз, 150 минг чек чиқарилади. Бозор билан таққослаганимизда эса 18 турдаги товарларни харид қилиш учун одатдаги бозорларимизда 78 дақиқа вақт сарф бўлади. Корзинкада эса бу кўрсаткич бор-йўғи 17 дақиқага тенг. Тақрибан олганда, жамоамиз билан бирга биз ватандошларимиз умрининг 10 минг кунини тежар эканмиз», – дейди Зафар Ҳошимов.

Aлоҳида эътиборга молик жиҳати, компания раҳбарияти томонидан карантин қоидалари ва вакцина олиш жараёнига муҳим аҳамият бериб келинади. Концертдан бир муддат аввал Корзинка супермаркетлар тармоғи жамоаси аъзоларининг тўла вакциналанишини рағбатлантириш мақсадида ходимлар орасида бош соврин сифатида Спарк автомобили ҳамда қўшимча қимматбаҳо совринлар қўйилган ютуқли ўйинни ҳам ўтказди.