Дастлабки маълумотларга кўра, Баҳром Тошпўлатов Ғузор тумани Қовчин МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Қашқадарё дарёсида ноқонуний қум-шағал қазиб олиш ҳолатларини аниқлаш бўйича рейд тадбирида ҳуқуқбузарлар ҳужумига учраган.

Уни шу ҳудудда фуқаролардан бири ҳушсиз ҳолатда топиб, шифохонага олиб келган.

Шунингдек, 6 сентябрдан 7 сентябрга ўтар кечаси Ғузор тумани Қовчин МФЙнинг Араб қишлоғи ҳудудида экополиция инспекторлари томонидан экологик назорат рейди ўтказилган.

Рейд давомида Қашқадарё дарёсининг муҳофаза этиладиган ҳудудида ноқонуний қум-шағал қазиб олинаётгани аниқланган. Экополиция ходимлари қонунбузарликни тўхтатиб, техникани жарима майдонига олиб кетаётган вақтида ҳуқуқбузарлар уларга фаол қаршилик кўрсатган.

Хусусан, учта автомобилда келган шахслар йўлни тўсиб, инспекторлардан бирига тан жароҳати етказган. Шунингдек, жарима майдонига олиб кетилаётган техника воситасини олиб қочган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Ғузор туман прокуратураси ва ИИБнинг тезкор-тергов гуруҳи томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.