Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳри ва Томди тумани чегараларини ўзгартириш бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Қарор билан Томди тумани ҳудудидан 2 459 гектар ер майдонини Зарафшон шаҳри таркибига ўтказиш назарда тутилмоқда.

Янги ҳудудларни ўзлаштириш натижасида 250 дан ортиқ саноат ва ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш, 90 та ижтимоий соҳа объекти, шунингдек, 500 дан ортиқ савдо-маиший ва хизмат кўрсатиш нуқталарини ташкил этиш режалаштирилган.

Шу билан бирга, янги ҳудудларда турар жойлар барпо этиш билан бир қаторда, аҳолини ичимлик суви, электр энергияси, йўл, канализация ва бошқа зарур муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминлаш  имкониятлари яратилади.

Қайд этилишича, мазкур ташаббус Зарафшон шаҳрининг истиқболли ривожланиши, ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, инвестицияларни жалб этиш, аҳоли учун муносиб яшаш шароитларини яратиш ҳамда янги иш ўринларини ташкил этиш мақсадида ишлаб чиқилган.