Жамият | 00:26 / 17.01.2022
41154
4 дақиқада ўқилади

IT танлови ғолиби бўлган нурободлик ўқувчига нега эски ноутбук берилди?

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятида ўтказилган «1 миллион дастурчи» IT танлови вилоят босқичида биринчи ўринни олган ўқувчига аввал ишлатилган, эски ноутбук совға қилингани ҳақида лавҳа тарқалди.

Видеомурожаат қилиб чиққан ўқувчи, Самарқанд вилояти Нуробод туман 41-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Сардор Сатторов ўзи танловнинг ҳам туман, ҳам вилоят босқичида «Full-Stack web дастурчиси» йўналиши бўйича 1-ўринни эгаллаб ғолиб бўлгани, лекин унга аввал ишлатилган эски ноутбук совға қилинганини таъкидлаган.

У намойиш этган ноутбукнинг орқа томонидан «2-м. А.Абдумуродова» деган ёзувлар туширилган. Ўқувчи буни 2-мактабга тегишли ноутбук дея тушунтирган. Ноутбукка ўрнатилган дастурлар ҳам ўчирилмаган. У ердаги Telegram мессенжерини ишга туширган ўқувчи ноутбукни аввал Шерзод Жўрақулов деган инсон (ўқитувчи) ишлатганини аниқлаган.

Шунингдек, 1-ўринни эгаллаганини иддао қилган ўқувчига 3-даражали диплом берилган. (Қайси босқичда эканлигига аниқлик киритмаган).

Видеомурожаатнинг давомида ўқувчининг бобоси дейилаётган шахс «Эски ноутбук ўрнига китоб берсаларинг бўлмасмиди?» дея ўз эътирозини билдирган.

Kun.uz мухбири мазкур масала юзасидан кичик суриштирув ўтказди.

«1 миллион дастурчи» IT танлови вилоят босқичи Самарқанд вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ўтказилган. Танловни ўтказишда вилоят халқ таълими бошқармаси, ТАТУ Самарқанд филиали бош-қош бўлишган. Вилоят босқичи Самарқанд шаҳридаги 9-мактабда 10 январ куни ташкиллаштирилган.

Фото: Самарқанд вилоят ХТБ

Мурожаат қилиб чиққан ўқувчи Сардор Сатторов туманда совриндор бўлиб вилоят босқичида иштирок этган, лекин ўрин ололмаган. Самарқанд вилоят ХТБ расмий сайтида эълон қилинган, вилоят босқичи ғолиблари рўйхатида унинг исм-фамилияси йўқ.

Вилоят ХТБ хабарида шаҳар ва туманлар кесимида 1-,  2- ва  3-ўринларни эгаллаган иштирокчилар танловнинг иккинчи босқичига йўлланма олишгани, ҳар бир шаҳар ва туманларда ўтказилган танловнинг биринчи босқичида ғолиблари қуйидагича мукофотлангани ҳақида ёзилган:

1-ўринга — ноутбук; 2-ўринга — планшет, 3-ўринга — уяли телефон.

Танловнинг вилоят босқичини ўтказган масъуллардан бирининг Kun.uz’га маълум қилишича, танловнинг туманлардаги босқичлари 6–7 январ кунлари ташкиллаштирилган ва унга туман ҳокимликлари масъул бўлган. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, ҳар бир туманда маҳаллий ҳокимликлар томонидан танловнинг соврин жамғармаси учун 35–50 млн сўм атрофида пул ажратилган.

Фото: Самарқанд вилоят ХТБ

Шуниси эътиборлики, танловнинг туман босқичи ғолибларига ҳам совғалари вилоят босқичи ўтказиш вақтида, 10 январ куни Самарқанд шаҳридаги 9-мактабда топширилган. Шу сабабли улар вилоятдаги масъулларни айбдор кўришмоқда экан. Аслида, туман босқичи ғолиблари учун совғалар туман ҳокимлиги томонидан тақдим этилган.

Нуробод туман ҳокимлиги ахборот хизмати ушбу воқеа юзасидан ўз расмий муносабатини тақдим этди.

Унда ёзилишича, танловнинг туман босқичи жорий йилнинг 6 январь куни бўлиб ўтган.

«Мазкур мусобақада 41-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Сардор Сатторов фахрли биринчи ўринни олиб, туман ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи ҳамда «Readme C11» русумли телефон аппарати билан тақдирланган», дейилмоқда расмий муносабатда.

Фото: Нуробод туман ҳокимлиги
Фото: Нуробод туман ҳокимлиги

Туман ҳокимлигининг ушбу муносабати ҳам барча саволларга жавоб бера олмайди, қайтага янги саволларни юзага чиқармоқда: нега 1-ўринни олган ўқувчига 3-даражали диплом берилган. Лекин 1-ўрин эгасига аталган соврин топширилган бўлса-да, унга телефон топширилди деб хабар берилмоқда. Эски ноутбук кимга тегишли ва уни ким ва қаердан олган?

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz мухбири

Мавзуга оид