Миграция агентлиги томонидан хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган 8 минг 811 нафар меҳнат мигрантига ҳуқуқий ёрдам, 295 минг 102 нафарига маслаҳат хизматлари, 6 минг 283 нафарига ижтимоий ёрдам, 13 минг 424 нафарига моддий ёрдам кўрсатилди.

Қайд этилишича, 7 минг 534 нафар меҳнат мигрантига бир марталик моддий ёрдам ажратилган. 358 нафар меҳнат мигранти вақтинча хостелга жойлаштирилган.

Бундан ташқари, 2021 йилнинг 12 ойи давомида хорижда вафот этган 518 нафар фуқаро жасади олиб келинган. 321 нафар хорижда қийин аҳволда қолган фуқаролар қайтарилган.

Агентлик хабарига кўра, оғир тан жароҳати олган 17 нафар меҳнат мигрантининг тиббий хизмат харажатлари қоплаб берилган.

Меҳнат мигрантларининг иш берувчилар томонидан тўланмай турган қарийб 984,1 минг АҚШ доллари миқдоридаги иш ҳақи ва пуллик компенсациялари ундириб берилган.