Ўзбекистон бош консулхонаси ҳамда Миграция агентлиги ҳамкорлигида меҳнат фаолияти давомида Қозоғистонда оғир тан жароҳати олган фуқаронинг Ўзбекистонга қайтиши таъминланди.
Жорий йилнинг 25 август куни Ўзбекистон фуқароси Д.А. турмуш ўртоғи Х.М.ни ватанга қайтаришда амалий ёрдам кўрсатишни сўраб бош консулхонага мурожаат қилган.
Ўрганишлар давомида Х.М. Олмаота шаҳридаги қурилиш объектларининг бирида эҳтиётсизлик оқибатида баландликдан йиқилиб, оғир тан жароҳати олгани ҳамда 2026 йил 15 августдан буён маҳаллий тиббиёт муассасасида даволанаётгани аниқланди.
Фуқаронинг соғлиғи ва тиббий ҳолати инобатга олиниб, бош консулхона ҳамда Миграция агентлиги томонидан уни мамлакатга қайтариш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилди.
Саъй-ҳаракатлар натижасида, Х.М. ва унинг турмуш ўртоғи “Қоплонбек–Навоий” чегара назорат пости орқали Ўзбекистон ҳудудига олиб ўтилди ҳамда тиббиёт муассасасига жойлаштирилди.














