Жаҳон | 13:46 / 21.01.2022
51597
3 дақиқада ўқилади

Тўқаев Қозоғистондаги намойишларнинг асл сабабини айтди

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатдаги норозилик намойишларига нима сабаб бўлиб хизмат қилганини айтди.

Фото: inform.kz

Тўқаев ишбилармонлар билан учрашувда Қозоғистонда январь ойи бошидаги воқеалар йиллар давомида тўпланиб келган муаммоларни очиб бергани, бойлар ва камбағаллар ўртасидаги даромадлар тафовути қабул қилиб бўлмайдиган даражага етганини айтди, деб ёзади Tengrinews.

«Даромадларнинг бундай табақаланиши террорчилар ва уларнинг ортида турган фитначилар томонидан ёқилган гугурт ва порох бочкаси ролини ўйнади», деди Тўқаев. 

У, шунингдек, бу тафовутни реал пулда баҳолади. 

«Халқаро экспертларнинг таъкидлашича, [мамлакат] бойлигининг ярми бор-йўғи 162 кишига тегишли. Шу билан бирга, аҳолининг ярмида даромад 50 минг тенгедан ҳам ошмайди. Бу йилига 1300 доллардан сал кўпроқ. Бундай пулга яшашнинг иложи йўқ, вазиятни зудлик билан ўзгартириш керак», — деди Тўқаев. 

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Қозоғистонга мамлакат фуқаролари манфаатларига жавоб берадиган реал ислоҳотлар зарур, у ишбилармонларни иқтисодий сиёсатни ислоҳ қилиш ва «ҳалол ҳамда адолатли бўлган янги ўйин қоидалари»ни белгилаш бўйича биргаликдаги ишларни «зудлик билан бошлашга» таклиф қилди. 

Президент тадбиркорларга мурожаат қилар экан, ислоҳотлардан айнан йирик бизнес, «бизнинг буржуазиямиз» манфаатдор эканига ишонч билдирди. 

«Чунки мамлакатимиз бизнес элитасининг йўқотадиган нарсаси бор», деб тушунтирди у. 

Бундан ташқари, Тўқаев бизнеснинг бир қўлда тўпланиши давлат учун хавфли тенденция эканлигини айтди. 

«Одамлар нима учун барча турдаги бизнес бир хил қўлга тушиб қолганидан ҳайрон бўлмоқда - «Нима биз ёмонроқмизми?». Гегелни Бабел билан адаштириб юборадиган, махсус маълумотга эга бўлмаган одамлар бор, лекин уларнинг қўлида жуда катта бизнес мавжуд. Шу билан бирга, махсус курсларни тамомлаган ўқимишли одамлар бизнес манбалари, кредит ресурслари ва ҳоказолардан фойдалана олмайди. Бизнес оқимдан ташқарида юрибди, бу тушкунликка, жамиятда ишончсизликка, адолатга ишонмасликка сабаб бўлмоқда, бунинг ортидан эса турли ижтимоий-иқтисодий оқибатлар келиб чиқади», — дея хулоса қилди давлат раҳбари.

Мавзуга оид