Ҳодиса Олмаота вилоятининг Ақтас қишлоғида содир бўлган. Бу ҳақда KTK телеканали хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон фуқароси тандир нон сотиш билан шуғулланган. У мижозлардан бири билан оғзаки тортишиб қолган. Жанжал қисқа вақт ичида муштлашувга айланган.
Дастлабки маълумотларга кўра, 56 ёшли гумонланувчи жанжал вақтида пичоқ ишлатиб, 35 ёшли эркакнинг кўкрак қисмига икки марта зарба берган. Жабрланувчи олган жароҳатлари оқибатида ҳалок бўлган.
Марҳум ушбу тандирхонада сўнгги беш йил давомида ишлаб келган. Маҳаллий аҳоли уни ижобий таърифлаб, ҳеч ким билан низолашмаганини айтган. Шунингдек, у айрим ҳолларда нонни бепул тарқатиб тургани қайд этилган.
Олмаота вилояти полиция департаменти қотиллик факти бўйича жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди.
Полиция вакили Ернар Сайдилдиннинг билдиришича, тезкор-қидирув тадбирлари давомида 56 ёшли гумонланувчининг шахси аниқланиб, у қўлга олинган ва вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.
Полиция маълумотига кўра, гумонланувчи ҳозирда айбига иқрор бўлиб кўрсатма берган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.





