Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев Қосим-Жўмарт Тўқаевга йўллаган мактубида Қурултойга сайловлар халқаро стандартлар ва демократик тамойиллар асосида муваффақиятли ўтказилгани муносабати билан самимий табрикларини билдирган.
Ўзбекистон раҳбари ушбу тарихий воқеа Қозоғистон сиёсий тизимини такомиллаштириш, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ҳамда парламентнинг мамлакат ҳаётидаги ролини сезиларли даражада кучайтиришда янги босқични бошлаб берганини қайд этган.
Шунингдек, сайловларда фуқароларнинг фаол иштирок этгани Қосим-Жўмарт Тўқаев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли конституциявий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар халқ томонидан қўллаб-қувватланаётганининг ёрқин тасдиғи экани таъкидланган.
Мазкур ислоҳотлар Қозоғистоннинг барқарор тараққиётини таъминлаш, шунингдек, мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи ва таъсирини янада оширишга қаратилгани қайд этилган.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари билан боғланган қардош қозоқ халқи заминида амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишларнинг юксак натижаларидан самимий мамнун эканини билдирган.
Президент, шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон парламентлари ўртасидаги яқин ҳамкорлик икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари руҳида янги сифат босқичига кўтарилишига ишонч билдирган.
Мактуб якунида Шавкат Мирзиёев Қосим-Жўмарт Тўқаевга мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва давлатчилик фаолиятида катта муваффақиятлар, қардош Қозоғистон халқига эса тинчлик ва равнақ тилаган.









