АИ-80 маркали бензин маҳсулоти бошланғич нархлари шаклланиши юзасидан ўтказган таҳлиллар ва ишлаб чиқариш жараёнидаги баъзи харажатларнинг камайтирилиши ҳисобига 1 литр бензин маҳсулоти нархи 7 555 сўмдан 6 500 сўмга ёки 16 фоизга арзонлашишига эришилган. Бу ҳақда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

«Шу билан бирга, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, “Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси” АЖ ва бошқа тегишли идоралар ҳамкорлигида тузилган ишчи гуруҳ бензин нархларига таъсир қилувчи омилларни аниқлаш ва бартараф этиш чораларини кўрмоқда. Хусусан, биржа савдоларида жорий йил 10-14 январдаги АИ-80 маркали автомобил бензинининг ўртача сотилиш нархлари 1 тоннаси учун 2021 йил 15-19 ноябрдаги ҳафталик котировкага нисбатан ўртача 9,6 млн сўмдан 6, 7 млн сўмгача ёки 30 фоизга пасайишига эришилди. Кўрилаётган чоралар ўз навбатида, ички бозорда чакана нархлар пасайишига ижобий таъсир этди ва АЁҚШларда сотилаётган АИ-80 маркали бензин нархлари 6 000-6 500 сўмгача ёки 25 фоизгача арзонлашди», дейилади қўмита баёнотида.