Ўзбекистон | 15:11 / 27.01.2022
3887
2 дақиқада ўқилади

Республика бўйича электр энергияси таъминоти соат 16:00 гача тўлиқ тикланади – Энергетика вазирлиги

Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг хабар беришича, 27 январь куни соат 16:00 да республиканинг барча ҳудудида электр энергияси таъминоти тўлиқ тикланиши режалаштирилган.

Фото: Kun.uz

Вазирлик 27 январь соат 14:00 ҳолатига кўра, республика ҳудудларида электр энергияси таъминоти билан боғлиқ ҳолат юзасидан маълумот берди. Унга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий, Самарқанд, Сирдарё, Хоразм, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 100 фоиз, Наманган ва Фарғона вилоятларида 91 фоиз, Андижон вилоятида эса 89 фоиз электр энергияси таъминоти тикланган.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг фақат 4 ҳудуди электр таъминоти билан 100 фоиз таъминлангани, умумтизимда юзага келган носозликлар сабабли мамлакатимиздаги мавжуд газ қазиб олиш конлари ва уни қайта ишлаш заводларида технологик жараёнларнинг бузилиш ҳолатлари кузатилаётгани, бу эса газ ишлаб чиқариш ҳажмининг камайишига олиб келаётгани, натижада иссиқлик электр станцияларида газ босими камайиб, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмига салбий таъсир кўрсатаётгани айтилганди.

Энергетика вазирлиги 26 январь кун аввалида республиканинг 8 ҳудудида — Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Жиззах ва Фарғона вилоятларида электр таъминоти тўлиқ тикланганини маълум қилинганди. Соат 22:00 да берган маълумотида эса Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Фарғонада таъминот тўлиқ тикланмагани, фақат Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон, Хоразм ва Жиззахда кўрсаткич 100 фоиз экани маълум қилинди. Лекин Kun.uz маълумотига кўра, Жиззах вилоятининг айрим ҳудудларида кун давомида свет бўлмаган.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид