Жаҳон | 10:32 / 30.01.2022
13170
3 дақиқада ўқилади

Британия Шарқий Европадаги ҳарбийлари сонини оширмоқчи

Лондон Шарқий Европада жойлаштирилган ҳарбийлари сонини икки баробар ошириш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Британия ҳукумати Украина атрофидаги кескинлик кучайиши фонида Россияга босимни ошириш йўллари ҳақида ўйламоқда.

ANDREW PARSONS/NO 10

Бош вазир Борис Жонсон қўшимча кучлар юборилиши «Кремлга аниқ сигнал» бўлишини айтган.

Бу вақтда мамлакат мудофаа ва ташқи ишлар вазирлари Москвадаги музокараларга тайёрланмоқда, Жонсон эса Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот ўтказмоқчи.

Шу ҳафтада Шарқий Европага боришни мақсад қилган бош вазир Британия «Россиянинг беқарорлаштирувчи ҳаракатларига тоқат қилмаслиги ва ҳамиша НАТО бўйича иттифоқчиларини қўллаб-қувватлаши» ҳақида гапирган.

«Агар президент Путин қон тўкиш ва вайронкорлик йўлини танласа, бу Европа учун фожиа бўлади. Украина ўз келажагини танлашда эркин бўлиши керак.

Мен қуролли кучларимизга келаси ҳафтада НАТО бўйича иттифоқчиларимизга қуруқликда, денгизда ва ҳавода ёрдам кўрсатиш мақсадида қўшинларни Европа бўйлаб жойлаштиришга тайёргарлик кўришни буюрдим», дея қўшимча қилган мамлакат бош вазири.

Россия 100 минг атрофида ҳарбий хизматчиси, шунингдек танклар, артиллерия ва ракеталарни Украина чегарасига олиб келган, аммо бостириб кириш режаси йўқлигини айтмоқда.

Британия Эстонияда 900 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчисини жойлаштирган, Украинада ўқув миссияси доирасида 100 нафардан ортиқ ҳарбий инструктор бўлиб турибди, шунингдек Польшада 150 нафарга яқин енгил отлиқлар эскадрони бор.

Душанба куни Британия ташқи ишлар вазирлиги парламентда Россиянинг сиёсий ва молиявий институтларига қарши санкциялар кучайтирилиши ҳақида эълон қилиши кутилмоқда.

Европада Британия ҳарбийлари сони оширилиши тафсилотлари Брюсселда НАТО бўйича иттифоқчилар билан муҳокама этилиши режалаштирилган. Даунинг-стритдан хабар қилишларича, Эстонияда ҳарбийлар сони оширилишидан ташқари у ерга қўшимча қурол-яроғ етказиб берилади. Бундан ташқари, Европага қирувчи самолётлар, ҳарбий кемалар ва ҳарбий мутахассислар ҳам йўлланиши мумкин.

Британия мудофаа штаби бошлиғи, адмирал Тони Радакин сешанба куни вазирлар маҳкамасига вазият мураккаблашгани бўйича ҳисобот беради.

Февраль ойи бошига бош вазир Жонсоннинг НАТОга аъзо мамлакатлардаги ҳамкасблари билан учрашиш учун Европанинг қитъадаги қисмига яна бир сафари амалга оширилиши мўлжалланган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид