Ҳисоботда ушбу гуруҳнинг соғлиқни сақлаш, таълим, реабилитация ва ёрдамчи реабилитация воситаларидан фойдаланиш имкониятлари, меҳнат бозори, инфратузилма, ижтимоий ҳимоя, COVID-19’нинг уларга таъсири, шунингдек, ҳукумат томонидан ногиронлиги бўлган шахсларнинг муаммоларини ҳал қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлари баҳоланади.
Ногиронлиги бўлган шахслар бўйича статистик маълумотлар
Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларнинг расман эълон қилинган сони аҳолининг 2,1 фоизини ташкил қилади. Бутун дунё аҳолисининг тахминан 15 фоизи ногиронликнинг у ёки бу шаклига эга эканлиги ҳисобга олинса, бу рақам юқорироқ бўлиши керак.
2019 йилнинг охиридаги ҳолат бўйича Ўзбекистонда 693,9 минг нафар ногиронлиги бўлган шахс (295,5 минг нафар аёл ва 398,4 минг нафар эркак), жумладан 111,3 минг нафар 16 ёшгача бўлганлар (48,8 минг нафари қиз ва 62,5 минг нафари ўғил болалар) пенсия ва ижтимоий нафақа олган.
Бу паст расмий рақамлар ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш соҳасида қўлланадиган Ўзбекистонда ногиронликни баҳолаш ва аниқлашнинг амалдаги чекланган таърифига таъсир этувчи эскирган тизими билан изоҳланиши мумкин. Тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, мамлакат аҳолисининг 3 ва ундан катта ёшдаги қарийб 13,5 фоизи ногиронликнинг қайсидир шаклига, 3,5 фоизи эса оғир ногиронликка эга бўлиши мумкин.
Тиббий хизматлардан фойдаланиш имконияти
Тадқиқот шуни кўрсатадики, ногирон болалар ва катталарнинг 25 фоизи зарур тиббий хизматларни олмайдилар, ногирон бўлмаганларда эса бу кўрсаткич атиги 10 фоизни ташкил қилади. Тўлов билан боғлиқ қийинчиликлар, қаердан олишни билмаслик ва бошқа омиллар туфайли фуқароларнинг ушбу тоифаси шифокорлар томонидан белгиланган дори-дармонларни қабул қилишга бўлган имкониятлари уч баравар кам.
2019 йилда ўтказилган тадқиқотлардан бири шуни кўрсатдики, ногиронлиги бўлган шахслар аравачасига муҳтож бўлган жисмоний имконияти чекланган шахсларнинг атиги 26,9 фоизи улардан фойдаланган. Ушбу тадқиқот иштирокчиларининг деярли ярми (43,6 фоизи) ногиронлиги бўлган шахслар учун ёрдамчи воситалар ва хизматларга муҳтожлигини таъкидлаган. Респондентларнинг 21,5 фоизи бу воситалардан фойдаланишга имконли бўлгани ҳолда, уларнинг атиги 2,8 фоизи тегишли давлат муассасаларидан ушбу воситаларни олган.
Гендер омил ва ногиронлик
Расмий маълумотларга кўра, ногиронлиги бўлган хотин-қизлар сони 2007 йилдаги 408,9 минг нафар хотинлар ва 16 ёшгача бўлган 68,8 минг нафар қизлардан 2019 йилга келиб 295,5 минг нафар хотинлар ва 48,8 минг нафар қизларга камайган (таққослаш учун: 2019 – йилда 398,4 минг нафар ногирон эркаклар ва 62,519 нафар ногирон болалар).









