Ўзбекистон | 07:53 / 01.02.2022
17249
2 дақиқада ўқилади

Қизириқ туманига янги ҳоким тайинланди

Сурхондарё вилояти Денов туманининг собиқ ҳокими Қизириқ тумани раҳбарлигига ўтди.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги

Халқ депутатлари Қизириқ тумани кенгашининг навбатдан ташқари қирқ тўртинчи сессияси ўтказилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Сессия ишида Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов иштирок этди. Унда туманнинг барча соҳалардаги кўрсаткичлари яхши эмаслиги, аҳолига қулай шароитлар яратиш борасида етарли даражада иш олиб борилмаётгани ҳамда келгусида бажарилиши лозим бўлган ишлар ҳақида сўз юритилди.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Илҳом Юсупов туман ҳокими вазифасидан озод қилинди. Денов тумани ҳокими лавозимида фаолият юритиб келаётган Рустам Пардаев Қизириқ тумани ҳокими этиб тасдиқланди.

Р. Пардаев 1979 йил 7 апрелда Қизириқ туманида туғилган. 2006 йил Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги - иқтисодчи. 

Меҳнат фаолияти давомида АТ “Микрокредитбанк” Жарқўрғон филиали бошқарувчиси ва вилоят филиали, вилоят иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бош бошқармаси, инвестициялар бош бошқармаси, инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи, вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари, 2020 йилдан то шу кунгача Денов тумани ҳокими лавозимида ишлаган.

Маълумот учун, Илҳом Юсупов 2020 йилнинг 11 июль кунидан Қизириқ тумани ҳокими лавозимида ишлаб келаётган эди.

  • Аввалроқ, Денов тумани ҳокими лавозимига бош вазир тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибияти мудири лавозимида ишлаб келган Абдумалик Алламуродов тайинланганди.

Мавзуга оид