90-йиллар охири, янги мингйиллик бошларида Ўзбекистон футболида яхши ҳужумчилар бисёр эди. Воҳа-ю водий, пойтахт-у шимолгача барча ҳудудлар – Олий лигада қатнашадиган деярли барча клубларда ўзининг тўпурар ҳужумчилари бор эди. Табиийки, миллий жамоада ҳам бу борада муаммо йўқ, ҳужум чизиғида рақобат етарли эди. Тўпурарлар баҳсида гоҳ у, гоҳ бу голеодорнинг исми етакчилар қаторида бўлар, ким ўзарга гол уриш авжига чиққан маҳаллар. Ўша даврнинг ўзига хос страйкерларидан бири, ўз амплуасида ёрқин ўйинлар намойиш этган, Андижоннинг фахри бўлган ҳужумчи Бахтиёр Ҳамидуллаев футболимизда ёрқин из қолдирган, тарих саҳифаларига ўз номини ёздириб қўйган иқтидорли ҳужумчи – бу дафъа Tribuna.uz суҳбатдоши.

«Футболсиз зерикдим»

– Ҳозирги кунда футболдан узоқдаман. Мураббийлик «Б» лицензиям бор, энди «А» лицензияга ўқишим керак. Бор эътиборим шунга қаратилган. Футболсиз қийин экан. Бошқа соҳани эплаш ҳам қийин бўларкан. Мен фақат футболга интиляпман. Бир вақтлар Юрий Саркисян айтганди: эслаб қол, бир кун келиб футболдан ҳайдашади сизларни, ҳозир қадрига етгин, ҳозирдан келажагинг учун замин ҳозирла, деб. Бошқа ишларим ҳам бор эди-ку, аммо барибир футболдан ташқарида бир иш қилолмасам керак.

«Футболчиларни алдаш оддий ҳол эди»

– Тўғрисини айтаман: «Андижон»да деярли 13 мавсум ўтказган бўлсам, ярмини раҳмат учун ўтказганман. Ўша пайтларда клубда футболчиларни алдаш авжига чиққанди. Ҳозирги кунни билмайман, лекин биз ўйнаган даврда фаолиятимизнинг ярмида текинга ўйнаган эдик. Аслида, футболчи ва клуб ўртасидаги шартнома 3 нусхада бўлади. Биз эса 4та қоғозга шартнома имзолардик. Биринчисига футболчи ўз талабларини ёзади, клуб эса имзо чекиб, муҳр босиб беради. Лекин бу ҳужжат ҳеч нарсага ярамайди. Қолган 3та шартномани клуб тўлдиради ва сиз қўл қўясиз. Футболчилар алданишарди, раҳбарият шу қадар товламачи бўлиб кетгандики, тасаввур қила олмайсиз.

Фото: Андижон ФК

Мисол учун, менинг укам билан ҳам шундай воқеа содир бўлган. Машғулотлардан қайтаётганида уни ушлаб, аканг билан гаплашдик, мана бу ҳужжатларга қўл қўйишинг керак, деб ҳужжатларга имзо қўйдиришган. Мен ҳеч ким билан ҳеч нарса ҳақида гаплашмагандим. Кейин билсак, укамга 5 йиллик кўтарма пулини клуб тўлаб бергани ҳақидаги ҳужжатга имзо чекдириб олишган экан. Тахминан, 5 йил учун 50 минг доллар миқдоридаги пул эди. У пулни эса, табиийки, раҳбарнинг ўзи «еб юборади».