18:08 / 03.02.2022
7948

Имтиҳонлар инсон омилидан холи бўлгач, имтиҳондан йиқилувчилар кўп бўлиши табиий — Бекмурод Абдуллаев

“Бу каби имтиҳон марказлари иш бошлагач, ижтимоий тармоқларда имтиҳондан йиқилганларнинг норозилиги, эътирозлари, янги тизимнинг керак эмаслиги ҳақида гап-сўзлар кўп бўлиши мумкин ва шахсан биз бунга руҳан тайёрмиз”, – деди ички ишлар вазири ўринбосари.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистондаги илк автоматлаштирилган имтиҳон комплекси – ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳон топшириш бўйича Тошкент имтиҳон маркази тақдимот маросими бўлиб ўтди. Унда нутқ сўзлаган ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев янги тизимдан кузатилиши мумкин бўлган эҳтимолий норозиликлар ва уларнинг ечимлари ҳақида гапирди.

“Биз имтиҳон жараёнини қатъий назорат остида, инсон омилидан холи қилиб олишни бошлаганимиздан кейин, имтиҳондан йиқилувчилар сони ҳам кўп бўлиши табиий. Нимага? Чунки ҳозир автомактабларда ўқитиш сифати жуда паст; бундан ташқари, минг афсуслар бўлсинки, ўқимасдан ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш халқимизнинг онгига шу даражада сингиб кетганки, бирданига инсонлар дунёқарашини ўзгартириш қийин. Кўпчилик ўқишнинг ўрнига, таниш қидиришга тушиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас.

Бекмурод Абдуллаев

Бу каби имтиҳон марказлари иш бошлагач, ижтимоий тармоқларда имтиҳондан йиқилганларнинг норозилиги, эътирозлари, янги тизимнинг керак эмаслиги ҳақида гап-сўзлар кўп бўлиши мумкин ва шахсан биз бунга руҳан тайёрмиз. Агар президентимиз бу борада сиёсий ирода кўрсатмаганларида эди, бунақа революцион қадам қўя олмаган бўлардик. Бунақа кескин ислоҳотлар эса доим ҳам барчага ёқавермаслиги мумкин, айниқса аввалги тизимдан манфаатдор инсонларга.

Шунинг учун яна бир бор таъкидламоқчиманки, янги имтиҳон марказлари бўйича ҳар қанақа асосли эътироз ва танқидлар бўлса, биз буни тўғри қабул қиламиз ҳамда халқимизга, журналист ва блогерларга доим очиқмиз. Аммо сизлардан илтимос, асоссиз, шунчаки эски коррупцион тизимни хоҳлаб кўр-кўрона қилинадиган танқидларга оғир-босиқлик ва холислик билан муносабат билдирсаларингиз, хурсанд бўлар эдик.

Айтмоқчиманки, бир нарсани унутмайлик, бу ислоҳотларнинг барчаси фақат ва фақат халқимиз учун, инсон қадри учун, фуқароларимиз ҳаёти ва саломатлиги учун”, деди ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномасини олишнинг янги тизимини яратиш, уни коррупциядан холи тизимга айлантириш бўйича ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Top