Ўзбекистон | 17:48 / 03.02.2022
9573
2 дақиқада ўқилади

Наманганда собиқ судя ёрдамчиси 700 доллар билан қўлга тушди

ЖИБ Наманган шаҳар суди вакили “енгиллик қилиб бериш учун” 700 доллар олаётганда қўлга олинган. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар бермоқда.

Фото: iStock

Манбанинг маълум қилишича, ЖИБ Наманган шаҳар судида иши кўрилаётган судланувчи М.О.нинг отаси Ж.К.га ўзини судя ёрдамчиси деб таништирган шахс таклиф билан чиқиб, иш бўйича “енгиллик бериш” эвазига 1000 доллар сўраган. Судланувчининг қариндоши 700 доллар беришини айтган ва шунча суммага келишув бўлган.

Шундан сўнг, судланувчининг қариндоши ҳолат ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериб, қонуний чора кўришни сўраган. Ж.К. ўз аризасида ўзини судя ёрдамчиси деб таништирган шахс суд мажлисида иштирок этганини, суд мажлиси тугаганидан сўнг, унинг олдига келиб пул тама қилганини маълум қилган.

Аризага асосан 2022 йил 2 феврал куни ўтказилган тезкор тадбирда собиқ судя ёрдамчиси М.М. ЖИБ Наманган шаҳар судида фаолият юритувчи юқори лавозимдаги танишлари орқали судланувчига нисбатан “енгиллик бериш” эвазига 700 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган. Шу жараёнда тезкор тадбир ўтказилаётганидан хабар топган М.М. тезкор тадбир иштирокчиларига қаршилик кўрсатиб, бошқарувида бўлган Lacetti автомобилида воқеа жойидан қочган. Кейинроқ у ушланган. 

Тезкор тадбирда фойдаланилган 7 дона 100 долларлик купюралар холислар иштирокида олинган.

Маълум бўлишича, М.М. ЖИБ Наманган шаҳар судида 2019 йил январидан 2021 йил январига қадар судя ёрдамчиси лавозимида фаолият юритган.

Қўшимча қилинишича, ҳолат бўйича М.М.га нисбатан ЖКнинг 25,168-моддаси (фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритишга суиқасд қилиш) 1-қисми ва 28,211-моддаси (давлат органи мансабдор шахсига пора беришга далолат қилиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, у процессуал  тартибда ушланган.

Мавзуга оид