Владимир Петров / Фото: en.wikipedia.org

Тарих саҳнасида бор-йўғи 69 йил яшаган совет иттифоқидан жуда кўпчилик қочиб кетган. Эркинликнинг йўқлиги, маъмурий-буйруқбозлик асосидаги бошқарув, ҳаддан ортиқ назорат туфайли олимлар, адиблар, санъаткорлар, сиёсатчилар бошқа мамлакатлардан сиёсий бошпана сўрашган.

Уларнинг айримлари мамлакатни ошкора исён билан тарк этган бўлса, бошқалари турли ишлар баҳонасида хорижга чиқиб, сўнг СССРга қайтмаган. Баъзилар эса хорижга ишга юборилганда ўша ёқдан қайтишни хоҳламаган ва ўзи ишлаётган давлатдан сиёсий бошпана сўраган.

Ана шулардан бири СССРнинг Австралиядаги элчихонасида элчининг учинчи ёрдамчиси сифати фаолият юритган КГБ жосуси Владимир Петров эди.

Владимир Петровнинг 1954 йилда Австралия ҳукуматидан бошпана сўраши ўз даврида жуда катта шов-шувларни келтириб чиқарган ва халқаро даражада сиёсий низоларга сабаб бўлганди.

Бу шахс Канберрага элчихона ходими сифатида юборилган бўлса-да, Австралияда асосан жосуслик билан шуғулланади. Петровда кўплаб махфий маълумотлар бор эди. Шу сабабли СССР раҳбарияти уни нима қилиб бўлса ҳам Москвага қайтариш ҳаракатини қилади, аммо бунинг уддасидан чиқишолмайди.

 

Исмини бир неча марта ўзгартирган жосус

Владимир Петровнинг асл исм-шарифи Афанасий Шорохов бўлган. Владимир аввалига комсомол ташкилотида ишлайди, сўнг НКВДга ишга киради. 1929 йилда у исм-шарифини Владимир Пролетарский деб ўзгартиради.

1933 йилда Бирлашган давлат хавфсизлиги бошқармаси (КГБ ўша пайтларда НКВД таркибида шундай деб аталган) сафига киради ва унинг хорижий бўлимида ишлайди. 1938-1939 йилларда айғоқчи сифатида Хитойда фаолият олиб боради. 1942 йилда исм-шарифи Владимир Петровга ўзгартирилиб Швецияга жўнатилади.

1951 йилда Владимир Петров ва унинг хотинини СССРнинг Канберрадаги элчихонаси ходимлари ниқоби остида жосуслик қилиш учун Австралияга юборишади.

Владимир Петров ва унинг рафиқаси / Фото: moadoph.gov.au