Нуробод ва Ургут туманларининг бир қанча маҳаллаларида аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди. Бемор ва кексаларнинг уйларига бориб, тиббий кўрик ташкил қилинди. Маҳалла вакиллари малакали шифокорлардан жарроҳ, онколог, акушер-гинеколог, эндокринолог, офтальмолог, терапевт ва невропатологлардан керакли тавсиялар олишди. Мутахассисларнинг тавсияларини сифатли ҳамда тезкор ташкил қилиш мақсадида ҳудудларнинг ўзида лаборатория текширувлари ўтказилди.

Институт ва марказ мутахассислари аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш билан бир вақтда юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш ва чора-тадбирлар тўғрисида суҳбат ўтказдилар. Соғлом овқатланиш қоидалари, шу билан бир қаторда жисмоний фаолликни ошириш борасида керакли тавсиялар берилди.

Фото: Самарқанд давлат тиббиёт институти ахборот хизмати
Фото: Самарқанд давлат тиббиёт институти ахборот хизмати
Фото: Самарқанд давлат тиббиёт институти ахборот хизмати

Самарқанд давлат тиббиёт институти юқори курс талабалари, магистр ва клиник ординаторлари Ургут туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари билан бирга аҳоли саломатлигини таъминлаш, сифатли тиббий кўрикни маҳаллалар кесимида олиб бориш ҳақида аҳоли билан давра суҳбати ўтказдилар.

Фото: Самарқанд давлат тиббиёт институти ахборот хизмати

“Ушбу тадбирлардан кўзланган мақсад, давлат раҳбарининг тиббиёт соҳаси вакиллари билан учрашувдаги топшириқлари ва кўрсатмаларини жойларда амалга ошириш ва аҳоли саломатлигини яхшилашдан иборатдир. Шу билан бирга жорий йилнинг 26 январ куни Президент томонидан имзоланган “Эндокринология хизматини янада такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор моҳиятини барча тиббиёт ходимларига етказиш асосий йўналишларимиздан бири ҳисобланади. Уч кун давомида Қўшработ, Пайариқ, Оқдарё, Иштихон, Паст Дарғом туманларидаги тиббиёт муассасалари ходимларидан кўплаб таклифлар олинди”, дейди Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Самарқанд филиали бош врачи Гулзода Негматова.