13-14 феврал кунлари Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги монументал санъат ёдгорликлари рўйхатига киритилган космонавт Владимир Жонибеков бюсти атрофидаги гранит плиталари кўчириб ташланганди. Кейинроқ Тошкент шаҳар Маданий мерос агентлиги воқеа бўйича муносабат билдириб, ҳудуднинг демонтаж ишлари рухсатсиз бошланганини маълум қилди.
15 феврал куни Kun.uz мухбири ҳолатни ўрганиш мақсадида мажмуа ҳудудида бўлди.
Космонавтлардаги демонтаж. Ҳокимлик нега «яхши ниятдаги» ишни қонуний бажармади?
Ўрганиш давомида ҳудудга келган Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев сайт мухбирига интервьюсида ўзи учун ОАВ, хусусан, Газета.uz ва Kun.uz’дан кўра, маҳаллий аҳолининг ҳурмати қадрли экани ҳақида гапирган.
«10 кун сабр қилинглар. Ҳозир айлантириб нима қиласиз? Журналистсиз, биламан... Агар ҳозир ҳайп қилмоқчи бўлсангиз, юринг, мен сизга кўп ҳайплар... Агар менинг устимдан ёзмоқчи бўлсангиз ёки бошқа иш қилмоқчи бўлсангиз, юринг, мен сизга кўп нарсаларни кўрсатиб бераман.
Ҳозир буларни оляпсиз-у, битгандан кейин ҳам келиб оласиз. Агар ёмон бўлса, Ортиқхўжаев бузибди буни деб айтасиз. Яхши бўлса, яхши қилибди, барака топсин деб айтасиз.
Президентимизнинг топшириқларини бажарибди, инсонлар билан гаплашибди, аҳоли рози бўлибди, деган гапни ёзасиз. Розимисиз?
Мен Газета.uz’дан ҳам, Kun.uz’дан ҳам кўра, маҳаллий аҳоли, шаҳримиз халқининг ҳурматини қадрлайман, улуғ кўраман.
Kun.uz бугун бор, эртага йўқ. Тўғрими? Сизлар битта МЧЖми? Бир кунда 3 минг МЧЖ ёпилиб, 3 мингтаси очиляпти. Лекин миллат мана шу ерда яшайди», – дейди у.
Ҳоким шундан сўнг ҳудудда бўлиб турган блогер Никита Макаренко билан ҳам мулоқотга киришади.
Ҳоким: Лойиҳани биласанми?
Блогер: Ҳа. Нима учун лойиҳа жамоатчиликка эълон қилинмади?















