“Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва “Технопарк” МЧЖнинг мансабдор шахсларига нисбатан тергов олиб борилмоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментга кўра, улар бошқа шахслар билан ўзаро тил бириктириб, электрон газ ҳисоблагичларига техник хизмат кўрсатиш баҳонасида қарийб 19,9 млрд сўм бюджет маблағларини талон-торож қилган.

Бундан ташқари, истеъмолчиларга ўрнатилган 273 дона газ ҳисоблагичи кўрсаткичлари кам ҳисоблангани оқибатида давлат ва жамият манфаатларига яна 861,1 млн сўм зарар етказилган.

Қайд этиш лозим, “ақлли” газ ҳисоблагичларни жорий этиш бошланганидан буён бу масала атрофида турли саволлар мунтазам янграб келади.

Лойиҳанинг бошланиши ва нохуш ҳодисалар

2019 йилда Ўзбекистонда “ақлли” газ ҳисоблагичларини маҳаллийлаштириш режаси эълон қилинганида лойиҳа мамлакат энергетика тизимини рақамлаштиришдаги муҳим босқич сифатида тақдим этилганди. Ўшанда замонавий электрон газ ҳисоблагичларини ишлаб чиқариш бўйича Artel компанияси билан музокаралар олиб борилгани маълум қилинган, лекин якунда маҳсулот ишлаб чиқарувчиси ва етказиб берувчиси сифатида Тошкент шаҳар ҳокимлигига қарашли “Технопарк” МЧЖ танланган эди.

2020 йилда Тошкентдаги Технопарк ҳудудида қиймати 50 млн долларлик завод ишга туширилди. У ерда SIM-карта ўрнатилган, сарфланган газ ҳажмини автоматик равишда марказий серверга узатувчи Osten маркали ҳисоблагичлар ишлаб чиқарила бошланди. Расмий хабарларда йилига 3 млн дона ҳисоблагич ишлаб чиқарилиши айтилганди.

Қурилмаларни ўрнатиш бошланиши билан, бир нечта ҳолатлар тармоқларда кенг муҳокама қилинди. Хусусан, 2020 йилнинг ўзида Андижонда 40 дан ортиқ “ақлли” газ ҳисоблагичи ишламай қолгани, айрим хонадонларда эса қурилмалар портлагани ҳақида хабарлар тарқалди. Технопарк эса ҳисоблагичлар сифати кафолатлангани, мазкур муаммолар ўрнатиш жараёнидаги хатоликлар оқибати эканини маълум қилди.