23 феврал куни президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга ташрифи доирасида Шуманай туманидаги “Шуманай экотекс” корхонаси фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, 2020 йилда ишга туширилган ушбу корхона 7 минг тоннадан зиёд ип-калава тайёрлаш қувватига эга. Ўтган йили 51 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, қарийб 5 миллион долларлик экспорт қилинган.

Шу пайтгача ҳудуддаги энг катта муаммо ишсизлик эди. Мазкур корхона аҳоли, айниқса, хотин-қизларни доимий иш билан таъминлашда муҳим роль ўйнади. Бу ерда 500 та иш ўрни ташкил этилган.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари ишлаб чиқариш жараёни ва маҳсулотларни кўздан кечирди, ишчилар билан суҳбатлашди. Мутасаддиларга корхонада пахтани қайта ишлашнинг кейинги босқичларини ўзлаштириш бўйича кўрсатма берилди.

- Бу маъқул. Лекин туманда ишсизлар бўлмаслиги учун бундай корхоналар уч-тўртта бўлиши керак. Саноатнинг бошқа йўналишларида ҳам лойиҳалар топиш зарур, - деди Шавкат Мирзиёев.

Шу ерда тумандаги “Баҳром Илғор Кластер” масъулияти чекланган жамияти ҳақида маълумот берилди. Кластернинг 743 гектар ери лазер орқали текисланган. Шундан 100 гектарида ёмғирлатиб суғориш технологияси жорий этилган.

Фото: Президент матбуот хизмати