Росавиация Россия авиакомпанияларига 6 мартдан бошлаб халқаро парвозларни тўхтатишни тавсия этди. Ўтган вақт ичида Россиянинг бир неча авиакомпаниялари хориждаги барча рейсларни тўхтатишга қарор қилди - Минск ягона истисно. BBC энди халқаро рейслар қандай ишлаши борасидаги саволларга жавоб излади.
Росавиациянинг эълони халқаро парвозлар тўлиқ бекор қилинишини англатадими?
Йўқ, бундай эмас. Росавиация тавсия берди - агентлик 6 мартдан «кетиш» рейсларини, 8 мартдан «қайтиш» рейсларини тўхтатишни маслаҳат қилган.
Бу тақиқ Россия авиакомпаниялари хорижликлардан (биринчи навбатда европаликлардан) ижарага олган самолётлар уларнинг эгалари талаби билан хорижда ушлаб турилиши ёки ҳибсга олиниши хавфи юқори экани билан боғлиқ.
26 февраль куни ЕИ Россияга қарши санкциялар эълон қилганди.
Бу ҳужжат, хусусан, самолётлар ва эҳтиёт қисмларни Россиядаги жисмоний ва юридик шахсларга ҳамда Россияда фойдаланиш учун сотишни тақиқлайди. Бу тақиқ бундай маҳсулотлар Европа Иттифоқи ҳудудида ишлаб чиқарилмаган ҳолатларда ҳам амал қилади.
Шунингдек, ҳужжат билан бундай маҳсулотларни бевосита ёки билвосита суғурта қилиш ва қайта суғурталашни ҳам тақиқлайди.
Россия компанияларидаги самолётларнинг кўп қисми хорижлик лизингга берувчилардан олинган. Cirium таҳлил компанияси маълумотига кўра, 777 самолётдан 515 самолёт лизингга олинган.
Аммо бу уларнинг барчаси хорижда ушлаб қолинишини англатмайди - бу фақат муайян бир компания, масалан, лизингга берувчи талаби билан бўлиши мумкин. Шу билан бирга бундай ҳолатлар аллақачон содир бўлиб улгурган.
Қолаверса, 24-26 февраль кунларидан буён Россия авиакомпаниялари Россияга қарши санкциялар киритиб, ўз ҳаво кенгликларини ёпган давлатлар устидан учишни тўхтатган (дунёнинг 35 дан ортиқ давлати).
5 март куни, Росавиация баёноти ортидан бир неча йирик авиакомпаниялар халқаро рейслар тўхтатилишини эълон қилди:
- «Аэрофлот» («Победа» ва «Аврора» ҳам) - 8 мартдан
- AzurAir - 8 мартдан
- Nordwind, PegasFly - 7 мартдан
- Royal flight - 5 мартдан

















