Карим Масимов / Фото: Deutsche Welle

Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси қўмитанинг собиқ раиси Карим Масимов устидан тергов жараёни бўйича айрим маълумотларни эълон қилди.

2016 йилгача Қозоғистон бош вазири бўлган, 2016–2022 йилларда мамлакат Миллий хавфсизлик қўмитасини бошқарган Карим Масимов 2022 йил январидаги намойишлар фонида давлатга хиёнатда айбланиб қамоққа олинган эди.

Қўмита хабарига кўра, Масимов ва бошқа шахсларга нисбатан давлатга хиёнат, ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олишга тайёргарлик кўриш ва мансаб ваколатларидан четга чиқишда гумон қилиниб, жиноят иши бўйича тергов давом этмоқда. Тергов давомида Масимовнинг ҳаракатларида кўплаб коррупция белгилари ҳам аниқланган.

“Мамлакатимиз ишбилармон доиралари ва хорижий субъектлардан кўчмас мулк, қимматбаҳо совғалар, жумладан, маданий бойликларни, катта миқдордаги маблағларни ноқонуний равишда олиш ҳолатлари ҳужжатлаштирилган. Хусусан, Масимов ёпиқ шартномалардан бири бўйича МХҚ раиси лавозимида хорижий давлат вакилларидан 2 миллион АҚШ доллари миқдорида пора олгани юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ушбу маблағларнинг Ҳонконгдан Қозоғистон Миллий банкига қайтарилиши таъминланди”, дейилади қўмита расмий сайтида эълон қилинган баёнотда.

Таъкидланишича, Карим Масимов бош вазирлик даврида бизнес тузилмаларининг биридан пойтахтда жойлашган, қиймати қарийб 2,5 миллиард тенге бўлган ҳашаматли меҳмон уйи ва ер участкаси олгани юзасидан ҳам тергов бошланган.

Қўмита маълумотига кўра, собиқ амалдор ҳибсга олинганидан сўнг 2022 йил январ ойида ушбу меҳмон уйидан 17,2 миллион АҚШ доллари миқдорида нақд пул, шунингдек, кўплаб ҳашаматли буюмлар – қимматбаҳо соатлар, тилла қуймалар, ноёб буюмлар ва бошқа кўп нарсалар олиб қўйилган.

Фото: Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси