Жаҳон | 11:44 / 16.03.2022
18705
2 дақиқада ўқилади

Марина Овсянникова 30 минг рубль миқдорида жаримага тортилди. Унга жиноий иш очилиши ҳам мумкин

Останкино район суди жонли эфир вақтида урушга қарши плакат билан чиқиш қилган Биринчи канал ходими Марина Овсянниковани 30 минг рубль миқдорида жаримага тортди.

Уни қонунга хилоф равишда оммавий норозилик акцияси ўтказганликда айбдор деб топишган. Гап унинг урушга қарши акцияси ҳақида эмас, одамларни урушга қарши митингга чорлаган видеомурожаати ҳақида кетмоқда, яъни у жонли эфирга чиқиб кетгани учун жазоланмаган.

Овсянниковага нисбатан Жиноят кодексининг россиялик ҳарбийлар ҳақида «ёлғон ахборотни оммавий равишда тарқатиш» моддаси бўйича текширув давом этмоқда. Яъни унга жиноят иши қўзғатилиши ҳам мумкин.

14 март куни Биринчи каналнинг халқаро бўлими муҳаррири Марина Овсянникова «Время» дастури жонли эфирда кетаётган маҳалда студияга бостириб кириб, урушга қарши плакат кўтарганди.

«Урушга йўқ. Урушни тўхтатинг. Пропагандага ишонманг. Бу ерда сизни алдашмоқда. Россияликлар урушга қарши», деди у.

Уни полицияга олиб кетишди ва сешанба куни кечгача унинг тақдири номаълум бўлиб қолди. У қўлга олинганидан 14 соат ўтиб маъмурий иш бўйича суд қилинди.

Мавзуга оид