Ўзбекистон | 10:35 / 16.03.2022
20096
4 дақиқада ўқилади

Таксичиларга яна бир мажбурий суғурта жорий этилиши мумкин

Енгил машинада маълум бир ҳақ эвазига одамларни манзилига элтиб қўядиган шахслар йўловчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига зарар етказганлик учун ўз фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишларига тўғри келиши мумкин. Агар автомобиль ЙТҲга учраган тақдирда йўловчиларга етказилган зарар суғурта компанияси ҳисобидан қопланади.

 

15 март куни Қонунчилик палатаси мажлисида “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Киритилаётган ўзгаришга кўра, ҳайдовчидан ташқари тўрттадан ортиқ бўлмаган ўриндиққа эга енгил автотранспортда юк ва йўловчи ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишда якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан ҳам ташувчи мақоми берилиши кўзда тутилмоқда.

Қонунга киритиладиган ўзгартириш кучга кирса, енгил машинада маълум бир ҳақ эвазига одамларни ёки уларнинг юкларини айтилган манзилга элтиб қўядиган шахслар йўловчилар ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига зарар етказганлик учун ўз фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишларига тўғри келади.

“Ҳайдовчидан ташқари тўрттагача ўриндиққа эга енгил автомобилда ташувчи вазифасини бажарувчиларга якка тартибдаги тадбиркор мақоми бериляпти. Демак, бунда ҳайдовчи ўзи олиб юрадиган йўловчиларнинг олдидаги фуқаролик мажбуриятини суғурталаши керак. Бу ўзгартириш президентимизнинг 2021 йил 7 майдаги 5108-сонли қарори 9-банди ижросига қаратилган.

Ташувчи, яъни таксичи, дейлик, маълум бир ҳақ эвазига 4 нафар йўловчини манзилига етказиб қўймоқда. У йўлда кетаётганда йўл-транспорт ҳодисасига учраши мумкин. Ўшанда ташувчи ўзи суғурта тўлаган компанияга мурожаат қилади ва ЙТҲ вақтида машинасида бўлган йўловчилар соғлиғига, мол-мулкига етказилган зарарни суғурта компанияси тўлаб беради”, дейди депутат Акшагул Тулегенова.

Ялпи мажлисда депутат Ўктам Исломов йўловчи ташиш билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорлар учун фуқаровий жавобгарлигини суғурталаш мажбурий бўлишига қарши чиққан.

“Бу нарса ихтиёрий бўлиши керак. Чунки машина автофалокатга учрагандан кейин ўзи олиб кетаётган юк ёки фуқароларга етказилган зарарни қоплаш энг аввало ташувчининг мажбурияти ҳисобланади. Агар бу нарса суғурта ҳисобидан қопланишини хоҳлайдиган бўлса, буни ихтиёрий суғурталаши ва ана шу имкониятдан фойдаланиши керак. Лекин биз буни мажбурий қилиб, уларни бу ишга мажбурлашимиз нотўғри бўлади”, дея таъкидлаган Ўктам Исломов.

Депутат Дониёр Ғаниев қонунчиликка киритилаётган ўзгартириш орқали такси хизматидан фойдаланувчи миллионлаб фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъкидлади.

“Баъзида кўпчиликнинг манфаати учун озчиликка қандайдир мажбурият юклашга тўғри келади. Йўловчи ташиш билан шуғулланувчи 4 минг нафар якка тартибдаги тадбиркорнинг фуқаровий жавобгарлигини мажбуран суғурта қилишига тўғри келиши мумкин, лекин бу орқали такси хизматидан фойдаланувчи 400 минг ёки 4 миллион кишининг ҳуқуқларини ҳимоя қилган бўламиз. Қанчалик оғир бўлмасин, бу қонуний тўғри қарор, такси хизматидан фойдаланадиган юртдошларимиз ҳуқуқлари кафолатланиши, ташувчининг улар олдидаги фуқаровий жавобгарлиги мажбуран суғурталаниши керак”, дейди Дониёр Ғаниев.

Аввалроқ Тошкентда суғурта агентлари томонидан 662 млн сўмлик суғурта полислари талон-торож қилингани, Қашқадарёда суғурта компанияси ходими одамларга сохта суғурта полисларини сотгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид