Жаҳон | 07:48 / 31.03.2022
36978
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Осетия Россияга қўшилишни режалаштирмоқда

Жанубий Осетия 10 апрелдан кейин Россияга қўшилиш бўйича референдум ўтказмоқчи. Абхазия бундай қадамга бормаслигини билдирган.

Фото: Global Look Press

Жанубий Осетия яқин вақт ичида Россияга қўшилиш учун «қонуний қадамлар» қўймоқчи. Бу ҳақда 30 март, чоршанба куни тан олинмаган республика раҳбари Анатолий Бибилов баёнот берди.

«Бўлинган осетин халқининг асосий тарихий, стратегик мақсади бир давлат доирасида бирлашишдир. Бу давлат - Россия Федерацияси. Биз яқин вақт ичида тегишли ҳуқуқий чораларни кўрамиз», — дейилади унинг мурожаатида.

Кейинроқ Бибиловнинг матбуот котиби аниқлик киритишича, Жанубий Осетиянинг Россия таркибига қўшилиши бўйича референдум тан олинмаган республика раҳбари сайловидан сўнг, яъни 10 апрель кунидан кейин ўтказилиши режалаштирилган.

Айни пайтда, Абхазия раҳбарияти республиканинг бундай режалари йўқлигини таъкидлади. «Абхазиянинг Россия Федерацияси таркибига қўшилиши ҳақида гап кетмаяпти. Абхазия конституциясида мамлакатимиз мустақил давлат деб мутлақо аниқ эълон қилинган», - дея Абхазия парламенти спикери Валерий Кварчиянинг 30 мартдаги баёнотидан иқтибос келтирган «Интерфакс» агентлиги. 

«Россия бизнинг стратегик ҳамкоримиз, яқин давлат, аммо бизнинг республикада Россия Федерацияси таркибига қўшилиш режалари йўқ», деб таъкидлади сиёсатчи. 

2008 йил 26 августда, Грузиядаги «беш кунлик уруш»дан кўп ўтмай, Россиянинг ўша пайтдаги президенти Дмитрий Медведев Россия Федерацияси томонидан Жанубий Осетия ва Абхазия мустақиллигини тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ўшандан бери Жанубий Осетия раҳбарияти Россияга қўшилиш бўйича референдум ўтказиш режасини бир неча бор эълон қилган эди. 

Мавзуга оид