Ўзбекистон Афғонистон муваққат ҳукуматини халқаро миқёсда тан олиш механизмларини ишлаб чиқишни таклиф этди
Афғонистонга қўшни мамлакатлар вазирлари учрашувида “афғон масаласи”ни ҳал қилиш бўйича келгусидаги ҳамкорлик йўллари муҳокама қилинди.
Жорий йилнинг 30 ва 31 март кунлари Хуаншань шаҳрида (Хитой) Афғонистонга қўшни давлатларининг 3-вазирлар конференцияси бўлиб ўтди. Унда Россия, Хитой, Эрон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари аъзолари ва ташқи ишлар вазирлари иштирок этди. Тадбирда Ўзбекистон номидан бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов иштирок этди.
Конференцияда сўзга чиққан Сардор Умрзоқов Афғонистонга мавжуд муаммоларни бартараф қилиш, миллий иқтисодиётни қайта жонлантириш, ижтимоий масалаларни ҳал этиш ва мамлакат ҳаётини нормаллаштиришда кўмаклашишга қаратилган минтақавий ҳамкорликни мувофиқлаштиришни кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Афғонистон муваққат ҳукуматини халқаро миқёсда тан олишнинг механизми ва мезонларини ишлаб чиқиш таклиф қилинди. Ушбу чоралар мамлакатнинг минтақавий макон ва халқаро ҳамжамиятга интеграциялашувини тезлаштириш имконини беради.
Шунингдек, Ўзбекистон томони минтақа давлатлари, ҳамкор мамлакатлар ва Афғонистон билан барча устувор йўналишларда, жумладан, иқтисодий жиҳатдан тиклашни тезлаштириш ва афғон халқининг турмуш даражасини яхшилашга қаратилган йирик инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорликни давом эттиришга содиқлигини билдирди.
Анжуман якунида тарафларнинг қўшма баёноти ва Афғонистонни иқтисодий жиҳатдан тиклашни қўллаб-қувватлаш бўйича “Туньси ташаббуси” қабул қилинди.
Тадбирлар доирасида Сардор Умрзоқов хорижлик ҳамкасблари билан бир қатор икки томонлама учрашув ва музокаралар ҳам ўтказди. Хусусан, Хитой давлат кенгаши аъзоси, ташқи ишлар вазири Ван И, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллаҳиён ва Афғонистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттақий билан икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувлар давомида томонлар олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг ҳозирги ҳолатини муҳокама қилди ҳамда устувор йўналишларда икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш борасида навбатдаги тадбирларни белгилаб олди.
Мавзуга оид
22:45 / 02.11.2024
Қўштепа канали бўйича афғон-ўзбек музокараларнинг учинчи босқичи Тошкентда ўтказилади
10:00 / 02.11.2024
Президент махсус вакили Нидерландия элчиси ва АҚШ эксперти билан Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилди
17:01 / 29.10.2024
Афғонистонда аёл олти эгизакни дунёга келтирди
07:30 / 28.10.2024