Президент “Давлат пенсиялари, нафақалар, компенсациялар ва бошқа ижтимоий тўловларни тўлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Қарорга асосан, 2022 йил 1 майдан бошлаб:
— барча турдаги давлат пенсияларини, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан тўланадиган нафақалар, компенсациялар ва бошқа тўловларни ҳамда кам таъминланган оилалар учун болалар нафақаси ва моддий ёрдам пулини банк карталари орқали олувчиларга ҳар ойлик пенсия ва нафақа пулининг 1 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий қилинади. Бунда, фуқароларнинг розилиги билан пенсия ва нафақа пулларини банк карталарига ўтказиш асосида ҳужжатларни қоғоз шаклида юритишдан воз кечилади;
— “Халқ банки” зиммасига сайёр кассалар орқали маҳалла фуқаролар йиғинларига борган ҳолда пенсия ва нафақа олувчиларнинг карталаридаги маблағларини уларнинг хоҳишларига кўра нақд пулга алмаштириб бериш вазифаси юклатилади;
— “Халқ банки”нинг сайёр кассалари томонидан пенсия ва нафақалар ҳамда моддий ёрдам пулларини фуқароларга нақд пулда етказиб бериш хизматлари учун банкка 1 фоиз миқдорда хизмат ҳақи бюджетдан тўлаб берилади;
— “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган фуқароларга ва оилаларга тегишли жамғармалар маблағлари ҳисобидан кўрсатиладиган моддий ёрдамлар, меҳнат органлари томонидан тўланадиган ишсизлик нафақаси ва стипендиялар ҳамда жазони ўтаб озодликка чиққан фуқароларга тўланадиган моддий ёрдам пуллари ҳар ойнинг 5-санасига қадар молиялаштирилади ҳамда пенсия ва нафақалар билан бир вақтда “Халқ банки”нинг сайёр кассалари томонидан маҳаллаларга етказилади;
2022 йил 1 сентябрга қадар ҳарбийлаштирилган тизим пенсияларини ҳисоблаш ва уларнинг тўлов ҳисоб-китоблари тизимини тегишли вазирлик ва идоралар томонидан автоматлаштириш орқали хизмат кўрсатувчи тижорат банкларида пенсия варақаларини юритиш амалиёти бекор қилинади.

















