Ўзбекистон | 08:43 / 09.04.2022
16210
2 дақиқада ўқилади

Бўстонлиқдаги ерни 1 млн долларга сотмоқчи бўлган шахслар ушланди

Бўстонлиқда 5 гектар бўш ер майдонининг 1 млн АҚШ долларига сотилишига чек қўйилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар бермоқда.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

ИИВ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси хабар беришича, 2022 йил 7 апрель куни ИИВга фуқаро ариза билан мурожаат қилган.

У аризасида уч нафар фуқаро 2008 йилда «LD-Tib- Mahsulot» МЧЖга Бўстонлиқ тумани «Хўжакент» МФЙ ҳудудидан «Болалар спорт-соғломлаштириш ва дам олиш оромгоҳи қурилиши» учун ажратилган 5 гектар ер майдонини, уларга нисбатан эгалик ҳуқуқи берилмаган бўлса-да, ушбу ер майдонига оромгоҳ қурмасдан, 2020 йилда ўзларига тегишли «Vista Green Technologies» МЧЖ балансига ўтказишга эришиб, 1 000 000 АҚШ доллари эвазига сотишга келишиб, олдиндан 50 000 АҚШ долларини бўнак сифатида сўраётганини маълум қилиб, уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур аризага асосан, шу куни ИИВ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси Ер ресурслари талон-торож қилинишига қарши курашиш бўлими, Бош прокуратура Ер ресурслари талон-торож қилинишининг олдини олиш бошқармаси ҳамда ИЖҚК департаменти Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида, Тошкент вилояти, Зангиота тумани "Эшонгузар" МФЙда жойлашган нотариал идора олдида фуқаролар ариза муаллифидан сотилаётган ер учун аванс сифатида 50 000 АҚШ долларини олган вақт ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан ИЖҚК департаментининг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ушланган шахслар қамоққа олинган. 

Қайд этилишича, жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Мавзуга оид