Украина Суми областини тўлиқ назорат қилмоқда

Украина қуролли кучлари Суми областини Россия билан чегарагача тўлиқ ўз назоратига қайтарди. Бу ҳақда ушбу ҳудуд маъмурияти раҳбари Дмитрий Живицкий маълум қилди. «Ҳудудлар босқинчилардан озод этилди», деган у ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида.

Живицкий аҳолини ҳозирча шаҳарга қайтмай туришга чақирган, ҳудудлар миналардан тозаланмоқда: «Ҳудуд хавфсиз эмас. Миналанган ва ҳозирга қадар тозаланмаган кўплаб участкалар бор».

Россия билан чегарага яқин жойлашган шаҳар босқиннинг илк кунларида кучли бомбардимон қилинган ва шаҳар учун қақшатқич жанглар олиб борилганди.

Буюк Британия мудофаа вазирлиги Россия ҳарбий қисмлари Украина шимолидан тўлиқ олиб кетилганини тасдиқлаган, бу қисмлар Украина шарқига жўнатилиши тахмин қилинмоқда, аммо бунинг учун камида бир ҳафта вақт кетади. Британия мудофаа вазирлиги Украина шимолидан олиб чиқилган қисмларнинг аксари жиддий тўлдирилишга муҳтож эканини қайд этган.

Британия ҳарбий разведкаси маълумотига кўра, Россиянинг Харьков областидаги қўшинлари Изюм шаҳридан жануб томон ҳаракатланмоқда.

Донбассдаги шаҳарлар ўққа тутилиши

Россияликлар кенг кўламли ҳужумга ўтиши кутилаётган Донбассдаги шаҳарлар зарбага учраши давом этмоқда.

Славянск шаҳри аҳолиси ертўлалар ва бомбапанагоҳларга тушишга мажбур бўлмоқда, шаҳарда доимий равишда ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи сигналлар янграмоқда. Шунингдек, шаҳарга артиллериядан зарбалар йўлланмоқда.

Украиналик ҳарбийлар назоратида қолган Донбасснинг энг шарқий шаҳри Северодонецк ҳам ракета зарбаларига дучор бўлмоқда.

Пайшанба куни Россия ҳарбийларининг темирйўлга авиазарбалари туфайли тўхтаб қолган эвакуация жараёни йўл таъмирланганидан кейин тикланган.

Донецк областидаги Краматорск шаҳри вокзалига ракета зарбалари берилди.

Сўнгги маълумотларга кўра, бу ҳужум қурбонлари сони 50 нафарга етган, вокзал ҳудудида 38 киши ҳалок бўлган, шифохонада 12 киши жон берган. Қурбонларнинг беш нафари болалар. 98 киши турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонада қолмоқда.