Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, 4-мавзеда “ОS MINORA” МЧЖ қурилиш фирмаси томонидан 2019 йилда қурилган кўп қаватли уйдан квартира сотиб олган уч нафар фуқаро қурувчи ташкилотидан норозилик билдирмоқда.

Kun.uz таҳририятига мурожаат қилган фуқаролар – Нурхон Саидов, Жавоҳир Искандаров ва Зиёда Олимовага кўра, қурилиш фирмаси уларга ҳажми шартномада кўрсатилганидан сезиларли даражада кичик бўлган квартираларни топширган.

Масалан, рафиқаси Шаҳноза Собирова номига уй олган Нурхон Саидовнинг билдиришича, қурувчи ташкилот ундан 44 млн 600 минг сўм кўп пул олган. Хусусан, “ОS MINORA” МЧЖ ва Шаҳноза Собирова ўртасида 2019 йил 13 февралда тузилган шартномада сотиб олинажак квартиранинг умумий майдони 75,8 кв метр экани, нархи эса 379 млн сўмни ташкил этиши белгиланган.

Қурилиш якунлангач, квартирага берилган кадастр ҳужжатида квартиранинг умумий майдони 66,88 кв метр (– 8,92 кв.м) экани қайд этилади.

 

Қурувчи фирма билан бешинчи қаватдаги 75,8 кв метрли квартирани ҳар бир кв метрига 5 млн сўмдан тўлаб, жами 379 млн сўмга сотиб олишга келишдик. Пулини келишилган вақтда тўлиқ тўладим. Аммо қурилиш битганидан сўнг, бориб кўрсам, квартира майдони кичикроқдай туюлди. Кейинроқ кадастр ҳужжати берилганида ростдан ҳам умумий майдони келишилганидан салкам 10 кв метрга кичик эканига амин бўлдим. Ортиқча тўланган пулни қайтаришини сўраб қурувчи фирма номига ариза ёздим. Бироқ аризамга жавоб бўлмади”, – дейди Нурхон Саидов.

Шартноманинг 2.5-бандида кадастр хизматидан кейин хонадоннинг шартномада кўрсатилган майдонидан 5 фоиздан ортиқ фарқ аниқланса, компания томонидан қайта ҳисоб-китоб қилиниб, ортиқча тўланган сумма қайтариб берилиши белгиланган.

Мурожаатчиларга кўра, бу фарқ ҳанузгача тўлаб берилмаган.