Битимлар Ўзбекистон делегациясининг Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкининг баҳорги йиғилишларидаги иштироки давомида имзоланди дея хабар бермоқда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги.

Вазирлик маълумотларига кўра, ушбу маблағлар 5та соҳага йўналтирилади ва лойиҳалар тегишли давлат идоралари томонидан амалга оширилади.

Биринчидан, Жаҳон банки иштирокидаги “Қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш (Фаза-2)” лойиҳаси доирасида 200 млн АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент ва Хоразм вилоятларидаги қишлоқларда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва янги иш ўринларини яратишга йўналтирилади.

Иккинчидан, “Ўзбекистонда статистика тизими салоҳиятини мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида 50 млн АҚШ доллари статистика соҳасида институционал ислоҳотлар ва салоҳиятни ошириш, статистика маълумотларни шакллантириш ва тарқатиш жараёнларини такомиллаштириш, соҳада ускуна ва жиҳозларни янгилашга йўналтирилади.

Учинчидан, “Солиқ маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш” лойиҳаси доирасида 60 млн АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар солиқ идораларининг операцион самарадорлиги ва натижадорлигини оширишга йўналтирилади.

Тўртинчидан, OPEC халқаро тараққиёт жамғармаси билан “Ўзбекистоннинг ўтиш давридаги ривожланиш сиёсатини жадаллаштириш” лойиҳаси доирасида давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон Республикасига 100 млн АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни жалб қилиш битими имзоланди.

Бешинчидан, Франция тараққиёт агентлиги иштирокида “Яшил иқтисодиётга ўтиш” лойиҳаси доирасида давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон Республикасига 150 млн евро миқдоридаги маблағларни жалб қилиш битими имзоланди.

Маълумот ўрнида, Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкининг Баҳорги йиғилишлари 2022 йил 18–24 апрел кунлари Вашингтон шаҳрида (АҚШ) ўтказилмоқда.

Мазкур йиғилишларда дунёнинг барча мамлакатлари расмий делегациялари сафида молия ва иқтисодий тараққиёт вазирликлари, марказий банклар, инвестиция банклари ва рейтинг агентликлари, фуқаролик ва илмий жамият вакиллари томонидан глобал иқтисодиётдаги жорий ҳолат ва истиқболлар, камбағалликни қисқартириш ва иқтисодий тараққиёт, самарали ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинмоқда.