Ўзбек театр ва кино санъатининг ўчмас юлдузи, Ўзбекистон халқ артисти Тўти Юсупова 2022 йил 15 март куни 86 ёшида вафот этди. Kun.uz Хотира ва қадрлаш куни арафасида Тўти аянинг яқинларидан унинг ҳам ижоддаги, ҳам саҳна ортидаги ҳаёти ҳақида сўзлаб беришларини сўради.

Рихси Иброҳимова, Ўзбекистон халқ артисти:

— Тўти Юсупова билан салкам 70 йилга яқин бирга ижод қилдик, бирга яшадик, турмушнинг аччиқ-чучугини бирга тотдик. Тошхўжа Хўжаев саҳналаштирган “Монсерра” спектаклида биринчи марта она ролини шу қадар маромига етказиб ўйнадиларки, ундан кейин театрда она ролларини доим уларга беришган.

Театрга яқин жойда яшаганлари учун уйларига кўп борардик – эшиклари доим ҳаммага очиқ эди. Театр актёр-актрисалари жуда камтарона ҳаёт кечиришарди. Ҳозиргидай тўйларга чиқишлар йўқ эди. Театрнинг 40 сўм ойлиги билан кун кўрганмиз. Тўти опа билан Мирғиёс ака оиласи ҳам шу маош билан уч фарзандни катта қилишди. Болалари ёш эди, Тўти опам театрга чиққанларида мен қараб турардим уларга.

Муқаддас Холиқова, Ўзбекистон халқ артисти:

— Уйда ўрганмаган уй юмушларигача, ҳатто хамир ёйишниям Тўти опамдан ўргандим. Бола тарбияси, инсонлар кўнглини оғритмасдан тушунтиришни ҳам улардан ўргандим. Шундай тушунтирардиларки, айбингни ўзингга билдирмай, кесатмай англатардиларки, беихтиёр тузатишга ҳаракат қилардинг.

“Фарзандларимнинг бирор ножўя ишини сезсам, фалончи дугонамни боласи шунақа ёмон иш қилиб қўйибди. Онаси ер ёрилмади, ерга кирмади, дердим. Болаларимга шунақа таъсир қилардики, уялганидан кўзларини яширишарди. Қайтиб шу ишни қилишмасди”, дердилар.

Дилноза Кубаева, актриса:

— Тўти ая билан бизни дард бирлаштирганди десам тўғри бўлади. Бошимга синов тушиб, турмуш ўртоғимни йўқотиб онамнинг уйига қайтиб келганимда қўнғироқ қилганлар. “Болажоним, энди ишга чиққин. Ўтганлар ўтди энди, мен ҳам икки фарзандимни тупроққа қўйганман. Иш билан овуниб, қийин кунларни меҳнат билан енгиб ўтасан”, деганлар. Бу менга, онамга қаттиқ таъсир қилган, катта далда бўлган.