Black Brant XII кўп поғонали илмий изланиш ракетаси (The Virginian-Pilot) 

1995 йил 25 январь куни Норвегиянинг Аннёйа ракета полигонидан маҳаллий ва америкалик олимлар гуруҳи томонидан кўп поғонали Black Brant XII илмий изланиш ракетаси фазога учирилади. 

Қутб ёғдусини ўрганиш ускуналарига эга бўлган ракета баллистик траекторияда учиб, апогейда 1453 км баландликка кўтарилиши керак эди. 

Ракета старти Россия ҳарбий кучларининг Ракета ҳужумидан огоҳлантирувчи тизими томонидан зудлик билан аниқланган. Унинг парвоз йўналиши худди АҚШ сувости флотининг Trident баллистик ракетасига ўхшатилган. 

Аввалроқ, Норвегия ҳукумати дипломатик каналлар орқали тинч мақсадларда ракета учирилаётгани ҳақидаги хабарни Россияга етказган. Бироқ, бу хабар номаълум сабабларга кўра РҲОТ ходимларига етиб бормаган. 

Ракета учирилиши тўсатдан берилаётган ядро ҳужуми бўлиши мумкинлиги сабабли, Россиянинг стратегик қуролли кучлари жанговар ҳолатга келтирилади. Президент Борис Ельцин ғарбга жавоб зарбасини бериш жараёнини ишга тушириш мақсадида «ядро жомадони»даги «қизил тугма»ни босади.

Россиянинг Ракета ҳужумидан огоҳлантирувчи тизими (belvpo.com) 

Можаро арафасида дунёдаги вазият

Ракета можароси СССР парчаланиб кетганидан қарийб 4 йил ўтгач содир бўлмоқда. Россия бу даврда жиддий иқтисодий инқирозни кечираётган, Чеченистонда ҳарбий ҳаракатларда муваффақиятсизликка учраган, НАТО билан муносабатлари ёмонлашганди. 

Бундан ташқари, Шарқий Европа давлатларини НАТО аъзолигига қабул қилиш режаси Россия раҳбарияти томонидан мамлакат хавфсизлигига таҳдид сифатида баҳоланган, ҳукумат ғарбни собиқ иттифоқдош республикаларнинг иқтисодий ва сиёсий реинтеграциясига тўсқинлик қилиш мақсади борлигида айблаган эди. Жавоб чоралари сифатида 1994 йил декабрь ойида Россиянинг Стратегик ракета қуролли кучлари жанговар ҳолатга келтирилганди. 

Ракета учирилиши ҳақида огоҳлантириш 

Норвегия Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчихонасига ракета учирилиши орқали илмий тажриба ўтказилиши ҳақида икки марта (21 декабр ва 16 январ кунлари) огоҳлантириш юборган. Унда ракета учириладиган жой, унинг қисмлари қулаб тушадиган ҳудуд ҳақида маълумот бўлган. Аммо ракетанинг қачон учирилиши ҳақида аниқ хабар берилмаган, чунки бу жараён об-ҳаво шароитининг қулай келишига боғлиқ бўлган. Бу огоҳлантириш хабари ўша даврдаги дипломатик қоидалар доирасида бўлган.