— Тўлқин ака, дастлаб ғалла ислоҳотининг энг асосий жиҳатлари ҳақида гапирсангиз. Нега у шу пайтгача кечиктириб келинган? Фермерлар бошига солинган қийинчиликларни бугун қандайдир шаклда компенсация қилиш ҳақида ҳам ўйланяптими?
— Ислоҳот кечиктирилмаган. Бу борада ҳукумат ҳаракатларни 2018-19-йилларда бошлаган эди. Масалан, пандемияга қадар биз қолипли нон ва уннинг нархини биржага – эркин савдога чиқариб, ҳатто буғдойнинг нархини ҳам эркинлаштирган эдик.
Ўша пайтларда баъзи фермерлар бизга қўнғироқ қилиб: “Корхонага дон олиб келдим, лекин улар олишдан бош тортишяпти”, деган саволларни ҳам қўйганди. Нега? Чунки ўша пайтда бозор эркинлаштирилиб, буғдойга эркин бозор нархи қўйилганди. Фермер бунда ғаллани давлатга топширади ва икки кунда пулини олади. Бозорда эса уни 10 кун, 1 ой ёки икки ойда сотади.

2020 йилда эса бизга пандемия кириб келди. Пандемия илк кириб келган пайтда унинг иқтисодиётга, аҳолининг ижтимоий ҳолатига олиб келадиган зарарини баҳолаб бўлмасди.
Масалан, ҳамма эслайди, ўша пайтларда кўчаларда ҳаттоки машиналар ҳаракати ҳам тўхтаб қолганди. Бундай пайтда аҳолини ун ва нон билан таъминлаш учун реформани вақтинча тўхтатиб тургандик.
Бунда, шунингдек, вазиятдан кимлардир ўз қинғир мақсадлари йўлида фойдаланмасин, деган мақсадлар ҳам кўзланганди.
Бу чора пандемия бошида – 3-4 ой давомида ўз самарасини берди. Аммо карантин қоидалари юмшатилар экан, унинг самараси ҳам тушиб бошлади. Чунки бу бозор ва уни тўла бошқаролмайсиз.
Вақт ва бозор кўрсатяптики, биз чекловлар билан бир томондан фермернинг даромадини камайтириб, уни қийин аҳволга тушириб қўйяпмиз. Иккинчи томондан эса аҳолига нон ва ун маҳсулотлари барибир давлат ўйлаган нархда етиб бормаяпти.

Ҳеч кимга сир эмас, халқ тилида “буханка” дейиладиган қолипли нонни Тошкент шаҳридан ташқарида, масалан, Чиноз ёки Янгийўлда 1 минг 600 сўмдан тополмайсиз. Бу нон вилоятларда ҳақиқий бозор нархида сотиляпти.
Шу маънода, бу ислоҳотнинг тўхтаб туришига маълум маънода пандемия сабаб бўлди.















