Актёр Рэй Лиотта вафот этди
Ҳолливуднинг таниқли актёри, Мартин Скорсезенинг «Донгдор йигитлар» фильмида нью-йорклик гангстер Генри Ҳилл образини яратиб, дунё миқёсида танилган Рэй Лиотта 67 ёшида вафот этди.
Лиотта уйқудалигида вафот этган, унинг ўлими сабаблари ҳозирча хабар қилинмаган. Унинг вакили берган маълумотга кўра, у бу вақтда «Хавфли сувлар» фильми съёмкасида иштирок этиш учун Доминикан республикасида бўлиб турганди.
Лиоттага илк машҳурликни 1986 йилда қора комедия жанридаги «Ёввойи нарса» (Something Wild) фильми келтирган. Собиқ маҳбус Рэй Синклер роли учун у «Олтин глобус»га номзод бўлган. Шундан кейин, 1988 йилда Лиотта «Доминик ва Юджин» фильмида рол ижро этган.
Аммо унинг фаолиятидаги ҳақиқий кўтарилиш Скорсезенинг 1990 йилда катта экранларга чиққан «Донгдор йигитлар» фильмидаги иштироки бўлади, бу фильм кинематография тарихидаги энг муваффақиятли фильмлардан саналиб, гангстерлар ҳақидаги кинолар учун «олтин стандарт»га айланади - классик «Чўқинтирган ота» ва «Бир куни Америкада...» фильмлари қаторида.
«Донгдор йигитлар»да Лиотта Роберт де Ниро, Пол Сорвино ва Жо Пеши каби юлдузлар билан бирга ўйнайди, бу лента бешта йўналишда «Оскар»га номзод бўлган. Унинг ижросидаги Генри Ҳиллнинг «Мен эсимни таниганимдан буён гангстер бўлишни хоҳлаганман» ибораси эса - кино тарихидаги энг ёдда қоларли иқтибослардан бири бўлиб қолади.
Лиотта ҳозирги кунга қадар актёрлик фаолиятини давом эттираётганди. Яқинда у Элизабет Бэнкс «Кокаин айиғи» фильмида суратга тушиш ишларини якунлаганди.
Ўтган йилда Лиотта «Сопрано клани» сериалига сиквелда ва «Ньюаркнинг муқаддас авлиёлари»да суратга тушди. Унга сериалнинг оригиналида иштирок этиш бўйича ҳам таклиф бўлган, аммо у рад этган.
2016 йилда Лиотта Тим Бертоннинг Бэтмен ҳақидаги фильмида бош ролни ижро этиш (1989 йилда чиққан) имкониятини қўлдан бой берганига афсусланишини тан олганди.
2022 йил охирларида у Деми Мур ва Маргарет Куэлли билан «Модда» фильмида суратга тушиши режалаштирилганди.